Боғча мудираси 250 АҚШ доллар пора билан ушланди

ДХХ ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Бухоро вилояти бошқармалари ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида 27 февраль куни соат 15:20 ларда Бухоро шаҳрида жойлашган мактабгача таълим муассасаси мудираси, 34 ёшли Р.Ф. жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

У муассаса ошпази Ф.Э.нинг жияни Д.М.ни тарбиячи вазифасига ишга қабул қилиш эвазига 250 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Р.Ф.га Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.