Бола ўзи ҳали гапиролмаса-да, телефонни “гапиртиряпти” - меъёр, назорат тўғрисида ким бош қотириши керак?

Бугун эндигина “тили чиққан” болалар иккита жумлани бир-бирига қўшиб гапира олмаса ҳам, аввало, қўлига тушган энг замонавий телефон аппаратини “гапиртиради”. Aвваллари бунга ҳайратланардик, бугун эса оддий ҳолга айланиб қолди. Чунки бугун дунёга келаётган фарзандларимиз технология ривожи билан бирга ўсиб улғаймоқда.
Бундан фожиа ясашга шошилмайлик. Бунда меъёр, назорат масаласида озгина бош қотириб, фойдали машғулотга йўналтиришга ҳаракат қилсак, кифоя.
Мактабда бошланғич синфларга дарс бераман. Дарс машғулотлари, фанларни ўқитишдаги аксарият мавзулар мультимедиа воситаларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга тушунтиришга мўлжалланган. Aлбатта, биз, муаллимлар мактабда яратилган қулай шароитлардан келиб чиқиб, ушбу мавзуларни замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда болаларга ўргатишга ҳаракат қиламиз. Бу ўқувчининг назарий маълумотни шунчаки, ёдлаб олишидан ташқари, тушуниб, ҳаётдаги ўрни ва аҳамиятини теран англашига ёрдам беради.
Шу билан бирга бугун фарзандларимизнинг мактабдан ташқари уйда, ота-она назорати остида мустақил билим олиши мумкин бўлган электрон порталлар ҳам талайгина. Масалан, Халқ таълими вазирлигининг “eduportal.uz” тармоғида барча синф ўқувчилари учун электрон дарсликлар, таълимий ўйинлар, эртак ва ҳикоялар, ўқитувчилар учун методик қўлланмалар, хуллас, жуда кўп фойдали маълумотлар жойлаштирилган.
Бундан ташқари, “ZiyoNET” ахборот таълим тармоғи, тўғридан-тўғри фойдаланиш мумкин бўлган audio.ziyonet.uz, kitob.uz, ertak.uz, ertaklar.uz, lang.uz сайтлари ўқувчиларнинг дарсдан сўнг мустақил ўқиб, ўрганиши учун жуда муҳим. Бунда фақат ота-оналар ва ўқитувчилар ҳамкорликда ишлашлари лозим. Ушбу ҳамкорлик сифатли таълим-тарбияни ташкил этиши билан бирга замонавий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятли ёш кадрларни вояга етказишга хизмат қилади.
Шоира ШУКУРОВA,
Каттақўрғон туманидаги 50-умумий ўрта таълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.