Болалар дўкондорга “Яхши одам”, деб лақаб қўйишибди

Одамлар орасида бир-бирига лақаб қўйиш азал-азалдан бор. Кўпинча ўйлаб топилган янги “исм” кимнингдир заиф ёки бошқа ёмон жиҳатларини ифодалайди. Шунинг учун ҳам лақаб қўйилишини кўпчилик тўғри қабул қилмайди.

Танганинг икки томони бўлганидек, кишининг ўз номи билан эмас, бошқа қандайдир сифатлаб чақирилишида баъзан ҳурмат маънолари ҳам англашилади. Эътибор берган бўлсангиз, хонадонга тушиб келган келин-янгаларимиз уйдагиларнинг исмини айтмасдан уларга ўзига хос лақаблар қўйиб олишади. Тўғри, бу одат кейинги йилларда бир оз унутилгандай. Аммо бутунлай йўқ бўлиб кетган эмас. Қайин сингил ёки укаларининг исмини айтиб мурожаат қилишдан янгалар ҳаё қилишади. Шу боисдан ҳам уларни ҳолатга қараб, турли бошқа исмлар билан чақиради. Бу ҳолатдан ҳеч ким хафа бўлмайди.

Шу ўринда, лақаб борасида бошқа бир воқеани айтмоқчиман.

Биз яшаётган ҳудудда озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи дўконлар кўп. Шулардан бирини “Шариф аканинг дўкони”, деймиз. Эҳтиёж юзасидан у ерга тез-тез кириб тураман. Бирга ишлайдиган 30 йиллик дўстларимдан бири Наврўз ҳам асосан Шариф аканинг дўконидан савдо қилади. Хўжайиннинг ўзи ҳам, унга ёрдамчилик қиладиган ўғли Зариф ҳам харидорларга ширин муомала қилиб, кутиб олади, кузатиб қўяди. Шу билан бирга сўралган маҳсулот ҳақида аниқ маълумотлар беради. Қисқаси, ишида Барака бор.

Бояги дўстим кўпинча харид қилиш учун ҳали вояга етмаган фарзандлари билан киради. Дўкондаги муомала ва савдони кўриб, болакайлар сотувчига “Яхши одам” деб лақаб қўйишибди. Ўйлаб қарасам, йигитчалар топган янги сифат Шариф ака ва Зарифжонларга узукка кўз қўйгандай ярашиб тушибди. Биз ҳар куни дўстим билан “Яхши одам”нинг дўкони ёнида учрашиб, ишга жўнаймиз. Инсофли ва ҳалол савдо қилаётган дўкондор аканинг омадини берсин! Жиянларим таърифлагани каби “Яхши одам”лар кўпаяверсин!

Aнвар ЭРМАМАТОВ.