Болаларда кўз касалликлари, ақлий заифлашиш сабаблари нимада?

Фарзанд соғлом ўсиши ва ривожланишида унинг таомланиши, дўстлари билан мулоқоти, билим олиши билан бир қаторда қизиқишлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда кўпчилик болаларнинг қизиқиши бу компьютер ва телефон ўйинлари бўлиб қолган. Бунинг зарарли эканлиги кўп такрорлансада, сўнгги йилларда нафақат Ўзбекистонда балки, бутун дунё бўйлаб глобал муаммога айланиб бўлди.
Компьютер ва телефонлар инсон учун фойдали бўлишига қарамасдан, ёш болаларнинг бу қурилмаларга қарамлиги ортиб бормоқда. Ота-оналар бефарқлик билан бундай қурилмаларни болаларига топшириб қўймоқда. Бунинг натижасида - кўз касалликлари, кўзнинг қуруқлашиши, бош ва бел оғриғи, асаб касалликлари, иммун тизимининг заифлашуви келиб чиқади. Болалар ва ўсмирларнинг психикасида бузилишлар, ўйин, компьютер ёки телефондан ажрала олмаслик, қўрқув, депрессия ва жаҳлдорликнинг ортиши, одамлар билан мулоқот қилолмаслик, уйқусизлик кузатилади. Тадқиқот натижалари телефон нурланиши бутун танамизга таъсир қилишини, айниқса, электромагнит нурланиш баъзи сабабларга кўра, иммунитети заиф одамларга ва болаларга зарарли эканлигини кўрсатмоқда.
Телефон гаджетларининг инсон кўриш қобилиятига салбий таъсир кўрсатишини алоҳида таъкидлаш керак. Кўз мушакларининг вазифаси миямизга тасвирни етказиб бериш ҳисобланади. Турли компьютер ва телефон қурилмаларига узоқ вақт мобайнида қараганимизда, кўз мушаклари аниқ тасвирни етказиш учун номутаносиб равишда катта куч билан ишлайди. Интернет саҳифаларини кузатаётган инсон телефон экранига диққатини қаратишига тўғри келади. Бу эса кўз мушаклари ва нервларининг зўриқишига сабаб бўлади. Бундай ҳолатнинг сурункали такрорланиши кўзнинг функциясига салбий таъсир қилади. Айниқса, ўсиш ёшида бўлган болаларда бу жараён тезроқ кечади.
Шунингдек, мобил телефонлар эшитишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Узоқ муддатли суҳбат давомида қулоқ, қулоқ пардаси, қўшни тўқималар ва миянинг қўшни соҳаларида ҳароратнинг ошиши кузатилади. Албатта, кўпчилигимиз узоқ суҳбатдан кейин қулоғимизда илиқлик ҳисси пайдо бўлганини сезган бўлишимиз мумкин. Бу телефон узатгичи томонидан яратилган электромагнит майдоннинг бизга таъсир қилаётганини билдиради.
Фарзандларимиз мобил қурилмаларга қарамлик оқибатида нафақат жисмонан, балки маънан носоғлом бўлиб қолиши мумкин. Бундай салбий ҳолатларни олдини олиш учун ота-оналар масъулиятни оширишлари шарт ва зарур.
Нигина БОЗОРОВА,
Самарқанд давлат тиббиёт университети
Фармацевтика ишини ташкил қилиш
кафедраси мудири.
Мавсума ОЛТИБОЕВА,
ассистент.