Бўлган воқеа: Бир пиёла сумалак опа-сингиллар ўртасидаги йўқолган меҳр ришталарини яна боғлади
Бу воқеага кўп бўлган эмас. Дилноза билан Гулноза - опа-сингил. Бир-бирини ер-у кўкка ишонмай катта бўлишгaн. Уларнинг аҳиллигини кўриб кўпчилик ҳавас ҳам қиларди. Аввал опа, сўнгра сингил турмушга чиқди. Гулноза ҳам у яшаётган маҳаллага келин бўлиб тушди. Девор-дармиён қўшни.
Аввалига божалар ҳам, опа-сингиллар ҳам иноқ яшашар, фарзандлари ҳам бир-бирининг ҳовлисида эмин-эркин ўйнашарди. Бир куни катта опанинг сигири бўшалди-ю сингилнинг томорқасини пайҳон килди. Дилхуфтонлик шундан бошланди. Опа узр сўради, сингил кечирди. Лекин Гулноза маҳалладаги баъзи хотинларнинг “қутқи"сига учди: "Ҳой келин, опангиз бугун экинингизни молига едирса, эртага бошқа иш қилади. Опа-сингиллик ўз йўлига, қаттиқроқ гапирмасангиз бошингизга чиқиб олади. Сўнг юрасиз бармоғингизни тишлаб" дейишди. Бу гапдан кейин Гулнозанинг фикри ўзгарди. Опасини чақириб‚ анча қўпол сўзлар билан "сийлади“.
Гапи охирида “бу ҳол яна такрорланса, ўзингиздан кўринг" деди ва шарт бурилиб уйига кирди.
Шундан кейин опа-сингил ўртасидаги кўнгил ойнасига дарз кетди. Арзимас сабаблар билан тез-тез жанжал бўлиб турди. Оқибатда икки ҳовли ўртасига баланд девор қурилиб, борди-келди тўхтади. Опа-сингил умуман гаплашмай қўйди.
Орадан икки йилча вақт ўтди. Эрта баҳорда қишлоқда сумалак қилинадиган бўлди. Дилноза буғдой ўстириб, қишлоқ аёллари билан сумалакни бошлади.
Синглинг Гулноза билан аразлашганинг жуда хунук иш бўлди-да, қоқиндиқ, - деди сумалакни қўзғаркан қишлоқнинг нуроний онахонларидан бўлган Ойлар момо. - Оддий сабаб билан юзкўрмас бўлиб кетишларинг яхши эмас. Тўғри, сизларни яраштириш учун маҳалла-кўй, қўни-қўшни, оғайнилар аралашиб уддасидан чиқишолмаган. Лекин бу аразлашганларинг яхшимас, Худонинг қаҳри келади. Сенга бир маслаҳатим бор. Ҳарқалай сен каттасан. Гулнозаникига ўтгин-да, уни муросага чақир. Синглинг ҳам қилмишидан уялиб, сендан қандай кечирим сўрашни билмай юрган бўлса керак.
Қўйинг, момо, бўлмайди. Мени кўрса унинг жазаваси тутади-ю насиҳатимни тинглармиди?
- Сенга бу гапни шу бугун айтаётганимнинг сабаби бор. Ривоятларда айтилишича, сумалак меҳрлилик, оқибатлилик таоми ҳисобланади. Чин юракдан ғанимингга ҳам бир ялам сумалак тортиқ қилсанг, Фотима момоларимизнинг руҳи унинг қалбига эзгулик уруғини сочар экан. Бир пиёла сумалак олиб, очиқ чеҳра билан синглингникига ўтсанг, бу кўнгилсизликларга чек қўясизлар.
Сумалак пишган, Дилноза Ойлар момонинг қистови билан сумалак олиб синглисининг дарвозаси ёнига келди. Минг хаёл билан невараларидан бирининг номини атаб чақирди. Синглиси Гулноза чиқди. Кўз кўзга тушиб, иккалови ҳам ерга қаради.
Дилноза пиёлани узатаркан:
- Сумалак... невараларимга, - дея олди холос.
Бошқа сўз айтолмай уйига қайтди.
...Кечқурун эшик тақиллади. Дилноза очди. Остонада куёви, Гулноза, неваралари... Синглисининг қўлидаги дастурхондан чиққан иссиқ нон ва паловнинг ҳиди уйга гўё меҳр-оқибатни олиб киргандай бўлди.
Акрам Ҳайдаров.