Болтиқ денгизи кўп йиллар давомида биринчи бор музлади
Шарқий Европага ёпирилган "Сибирь совуқлари", нафақат Болтиқ денгизини, балки иссиқ ўлкалардан бўлган Афина ва Истанбулни ҳам арктик пейзаж билан безатди.
Польшанинг курорт шаҳри - Мендзыздрой туристлари ноёб манзаранинг гувоҳи бўлишди. Кучли совуқ туфайли Болтиқ денгизи кўп йиллар давомида биринчи марта ўз соҳиллари бўйлаб музлаб қолди. Қумли пляж ва бепоён сувдан иборат бўлган қирғоқ чизиғи қор ва музнинг арктик ландшафтига айланди. Натижада пайдо бўлган оқ далалар юзлаб метр кенгликда ястаниб ётибди. Қўшни ҳудудлар аҳолиси қишки экзотик манзарани томоша қилишга шошилмоқда.
"Ажойиб, жуда чиройли. Биз денгизга 25 йилдан бери келамиз, лекин бундай табиат манзарасини кўрмадик", дейди сайёҳлардан бири.
Қиш манзаралари иссиқсевар Истанбулни ҳам безатди. Авлиё София ва Мовий масжиди қор билан безаниб ғайриоддий, сирли кўриниш касб этган. Метеорологларнинг маълум қилишича, совуқ ҳаво эртага, 19 февралгача сақланиб қолади.
Аномал қиш Юнонистонни ҳам четлаб ўтмади. У ерда ҳарорат минус 20 даражагача пасайган. Ҳукумат фуқароларга мурожаат қилиб, заруратсиз кўчага чиқмасликни сўради. Афинани шимолий ҳудудлар билан боғлайдиган мамлакатнинг асосий автомагистрал йўли қор босгани сабабли ёпилиши керак.
Қримни ҳам қор қоплаган, ғайритабиий об-ҳаво йўлларда катта тартибсизлик келтириб чиқарди. Ҳозир у ерда одатдагидан 10 даража совуқ.
Ҳа, қаҳратон бешафқат ва қаҳр-ғазабли бўлгани билан унда жозиба, сирлилик ҳамда ҳукмдорлик ва қудрат мужассам.
Г.Холдорова тайёрлади.