Бош Қомусимизга қандай ўзгартишлар киритилган?

Конституция (лотинча “Constitution” – тузилиш, тузук) – давлатнинг Асосий қонуни. У давлат тузилишини, ҳокимият ва бошқарув органлари тизимини, уларнинг ваколати ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва шахснинг ўзаро муносабатлари, шунингдек, суд тизимини ҳамда давлат ва жамиятнинг ўзаро муносабатларини белгилаб беради.

Манбаларга кўра, Ўзбекистон тарихидаги илк Конституция 1918 йилда -Туркистон АССРнинг Конституцияси қабул қилинган.

Ўрта авлод вакиллари умумхалқ муҳокамаларидан сўнг нуфузли комиссия томонидан тузилган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган.

Ушбу сана дам олиш куни, деб эълон қилинган ва Конституция қабул қилинган кун – умумхалқ байрами сифатида нишонланади. Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Бош Қомусимизда Ўзбекистон ва Республика сўзларидан кейин қонун сўзи энг кўп қўлланилган экан. Қонун Конституциямизда 200 мартадан кўпроқ ўринларда қўлланилган.

Асосий қонунимизга дастлабки ўзгартиш 1993 йил 28 декабрда киритилган бўлиб, бугунги кунгача 10 дан ортиқ ўзгартишлар киритилган. Қайд этиш лозимки, аксарият ҳолларда Президент, Олий Мажлис, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий ҳокимият органлари ваколатларига ҳамда сайлов жараёнларига оид қоидаларга ўзгартириш киритилган. Яъни, демократик бошқарув принципларини амалиётга жорий қилиш мақсадида Бош Қомусимизга босқисма-босқич ўзгартишлар киритилмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 5 март куни имзоланган «Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан Конституцияга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаёт соҳасидаги, шунингдек, ички ва ташқи сиёсат масалалари юзасидан қарорлар қабул қилиш ҳамда Бош вазир тақдимига кўра, Ҳукумат аъзолигига номзодларни, кейинчалик уларни Президент томонидан лавозимга тасдиқлаш учун кўриб чиқиш ва маъқуллаш масалалари Парламент қуйи палатасининг мутлақ ваколатларига (79-модда) қўшилди.

Илгари Ҳукумат аъзоларини Қонунчилик палатасининг маъқуллаши талаб этилмас эди. Ўзгартишга асосан Президентга Ҳукумат аъзоларини Парламент қуйи палатаси маъқуллагандан сўнг тасдиқлаш ваколати киритилди.

Номзод рад этилса, Бош вазир янги номзодни киритади.

Конституция асосида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида”ги Қонунда Ҳукумат аъзоларини маъқуллаш тартиби белгиланди. Унга мувофиқ номзодлар масъул қўмита, фракциялар ва депутатлар томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар 2019 йил 1 апрелдан кучга кирди.

Отабек ҚОДИРОВ,

жиноят ишлари буйича Самарқанд вилояти судининг судья катта ёрдамчиси.