Бўш турган тўйхоналар фаолиятини ўзгартира оладими?

Тўй-маросимларни тартибга солиш, уларни камчиқим, исрофгарчиликсиз ўтказиш юзасидан йиллар давомида астойдил курашиб келинмоқда. Масалан, бундан бир аср муқаддам Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемирувчи иллатлар” мақоласида ҳашаматли тўй ва таъзияни миллатни хонавайрон ва ғариб этгувчи “қаттол душман”га қиёслаган.
Ундан кейинги йилларда ҳам тўйлар ҳақида кўпдан-кўп чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, ўтган асрнинг саксонинчи йилларида вилоят ҳокимлиги ва “Зарафшон” газетаси таҳририяти ҳаддан ошиб кетган тўй-маросимларни ихчамлаштириш, ичкиликбозликнинг олдини олиш борасида ташаббус кўрсатиб “Тўй, тўйчи, тўйхўр” рукни остида туркум мақолалар эълон қилганди. Бу ташаббус қайсидир маънода юқори ташкилотлар томонидан маъқулланган ҳам эди. Ташаббус қандайдир даражада ўз таъсирини кўрсатган, тартиб-қоидага амал қилмаган тўйчи-ю уни ўтказишга хизмат кўрсатган тўйхона соҳибларига нисбатан жиддий чора ҳам кўрилиб, тўйлар тартибга тушиб қолгандек бўлувди. Лекин бу юзасидан меъёрий ҳужжатлар йўқлиги, назоратнинг сустлиги оқибатида тўйлар ҳам, улар билан боғлиқ турли маросимлар ҳам яна эски ўзанига тушиб қолди. Қайтага, тўйхоналар қуриш, барпо этганда ҳам ким-кимдан ўзадиган қилиб қуриш авжига чиқди. Оқибатда нафақат шаҳарларда, балки қишлоқ жойларида ҳам ҳашаматли тўйхоналар қуриш “пойгаси” бошланди.
Бу “пойга”да ким ғолиб ёки ким мағлуб бўлди билмадиг-у улар шундай кўпайдики, санаб адоғига етиш қийин кечди. 300 кишидан тортиб 1000 кишини “бағрига” сиғдира олиш имконига эга бу тўйхоналар нафақат “зебо” кўриниши, балки еб-ичиш, исрофгарчилик, ароқхўрлик ва элимиз урф-одатларига мутлақо ёт бўлган бошқа қўшимча расм-русумлар маконига айланди.
Фалакнинг айланишини қарангки, 1-2 йил ичида юқорида айтган ҳолатимиз тарихга айланди. Уни дастлаб Олий Мажлис палаталари қарори тартибга солган бўлса, карантин дабдабаларга бутунлай чек қўйди.
Шундан кейин шаҳар ва қишлоқлардаги барча тўйхоналар эшигига қулф тушди. Мазкур қоида-тартибга ҳамда санитария ва гигиена қоидаларига амал қилган тўйхоналар эса бундан мустасно. Вилоят давлат солиқ бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунда вилоят шаҳар ва қишлоқларида 334 та тўйхона ва ресторан мавжуд. Бу тўйхоналарнинг деярли барчаси фаолият кўрсатмаяпти. Бундай дейишимиз эҳтимол нотўғри бўлар. Чунки энди данғиллама, ҳайҳотдек биноларга эҳтиёж сезилмайди. Фуқароларимизнинг ихчам тўйлар ўтказишга бўлган муносабати тубдан ўзгармоқда. Дабдабали тўй ўтказишни ёқламайди. Лекин бу осон эмас. Чунки янги кўникмани асраб қолиш фақат тўй қилувчиларнинг, яъни сиз-у бизнинг дунёқарашимиз, маънавий дидимизга боғлиқ.
Хўш, энди бу тўйхона-ю ресторанлар нима бўлади?
Бу саволга жавоб топиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги бир қатор тўйхона ва ресторанларда бўлдик. Улардан олинадиган жавоб деярли бир хил бўлди: «Кутяпмиз». Кимни, нимани? Бу ҳам мавҳум, бир жумбоқ.
Бизнингча, энди кутишга ҳожат қолмайди. Энди осмондан чалпак ҳам ёғмайди.
Синовли кунлар ўтар, ҳаёт бир маромда давом этар. Лекин тўйхоналарда гумбурлатиб, сон-саноқсиз одамларга ош-нон бериб тўй қилишларга йўл қўйилмайди. Шундай экан, тўйхона ва ресторанлар соҳиблари ҳозирданоқ бунга тайёргарлик кўришлари зарур бўлади. Бу борада баъзи таклифларимизни билдирмоқчимиз.
Биринчидан, тўй-ҳашамларни ўтказишда банд бўлган тадбиркорларга ўз фаолиятини бошқа йўналишда бошлаши учун имконият яратиш.
Иккинчидан, улкан тўйхоналар негизида ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўргатувчи, олайлик, педагог кадрларни касбга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказлари, ёшлар учун маданий ҳордиқ чиқариш масканлари, ижтимоий-маданий муассасаларни юзага келтириш мумкин.
Учинчидан, бундай тадбиркорликларга мажбурлаш йўли билан эмас, балки солиқдан имтиёзли кредитлар тақдим этиш йўли билан ўтиш лозим.
Тўртинчидан, катта-катта тўйхоналарни қуриш учун озмунча маблағ сарфланмаган, албатта. Биз таклиф қилмоқчи бўлганимиз, ушбу ресторанлар негизида хориж тажрибасидан келиб чиқиб, шаҳримиз меҳмонлари ва чет эл сайёҳлари учун кеча-ю кундуз фаолият кўрсатадиган мини барлар, совғалар дўконлари очиш зарур. Шу йўл билан харажатларни қоплаш мумкин.
Бешинчидан, лойиҳачи, архитекторлар-у буюртмачилар энди катта-катта тўйхона ва ресторанлар қуришни ўйлаб кўришлари керак бўлади.
Хуллас, ана шунақа гаплар.
Адҳам ҲАЙИТОВ,
«Зарафшон» мухбири.