Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бош вазир бир гуруҳ киноижодкорлар билан учрашди

Жорий йил апрель ойида бир гуруҳ киноижодкорлар соҳадаги муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповга мурожаат қилган эди.

Мурожаатда кўтарилган масалаларни атрофлича муҳокама қилиш ва бамаслаҳат ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Бош вазири мамлакатимиз кино мутахассислари билан учрашди. Бу ҳақда Бош вазир матбуот хизмати хабар берди.

«Ўзбек кинематографияси: бугунги кун ва истиқбол» мавзусида давра суҳбати шаклида ўтган ушбу учрашувда Бош вазир Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил август ойида Ўзбекистон ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда ҳукумат олдига қўйган қатор вазифалар ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида қисқача маълумот берди.

Тадбирда сўнгги йилларда миллий кинематография ривожига давлатимиз томонидан қаратилаётган катта эътибор натижасида соҳада муайян ютуқларга эришилгани, мазмун ва шакл жиҳатидан ранг-баранг кино асарлар яратилиб, улар томошабинлар эътиборини қозонгани қайд этилди.

Шу билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган муаммолар ҳам борлиги, яъни муайян киностудияларнинг моддий-техника базаси жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскиргани, кинофильмларни молиялаштириш тизимининг бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги, кинотеатрлар ва малакали кадрлар етишмаслиги, яратилган фильмлар тарғиботи суст кечаётгани таъкидланди.

Ҳукумат раҳбари кино санъати инсон савияси юксалишида муҳим роль ўйнашини, шунинг учун сонга эмас, сифатга эътибор қаратиб, ғояси ва тарбиявий аҳамияти юқори бўлган бадиий фильм ва сериаллар яратиш лозимлигини билдирди.

Шунингдек, жамиятда халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш бугунги куннинг талаби эканини қайд этди.

Тадбирда сўзга чиққан қатор киноижодкорлар ижодий фаолияти давомида дуч келаётган айрим муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Хусусан, кейинги вақтларда ғоя ва савия жиҳатдан саёз фильм ва сериаллар нисбатан кўпайди. Уларда адабий тил қоидаларига айтарли риоя қилинмаётир, кинотеатрлар суст фаолият юритмоқда, дубляж санъати ривожига эътибор йўқолган, мультипликацион ва анимацион фильмлар яратиш талаб даражасида эмас, яратилган фильмларнинг тарғиботи айтарли йўлга қўйилмаган. Шу сингари камчиликлар соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган давра суҳбатида билдирилган таклифларни амалга ошириш, соҳадаги баъзи муаммо ва камчиликларни бартараф этиш учун барча киноижодкорлар бир ёқадан бош чиқариб, бамаслаҳат ишлаши лозимлиги қайд этилди.

Кино санъати ривожи йўлида бу каби учрашув ва давра суҳбатларини тез-тез ўтказиб туришга келишиб олинди.