Бу ҳақда гапиришга уяламиз, аммо тўғрилаб қўймаймиз. Масъуллар эса жим...

Одатда ҳожатхоналар ҳақида гап кетганда андиша қиламиз. Гўёки бу мавзу уятли, айтишга арзимас гап сифатида қараймиз. Аммо бугун бозорларимизда, энг асосийси, катта ҳажмли қатновга эга магистраллар атрофида санитария-гигиена шахобчаларининг йўқлигига деярли кўникиб қолганмиз. Йўл четида тўхтаб турган машиналарга орқа ўгириб ўтамиз, чунки аксарият ҳолларда транспорт  йўловчилари кўча четида эҳтиёжларини қондириши учун тўхтаган бўлади.

Аслида бу масала оддий воқеликдек кўрингани билан ташқаридан қараганда жудаям хунук ҳолат. Айни шунинг учун Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 21 сентябрда “Йўл бўйи туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган.

Ҳужжатлардан ҳаммаси яхшидек, аммо яшириб нима қилдик. Бу билан деярли ҳеч нарса ўзгармади. Тўғри, ўзгарган бўлиши мумкин.

М-39, М-37 ва А-377 магистрал йўллар ёқасида жойлашган 600 га яқин автомобилларга ёқилғи қуйиш шахобчаларидаги санитария-гигиена шахобчалари хатловдан ўтказилди. Уларга намунавий лойиҳа асосидаги санитар шахобча - ҳожатхона лойиҳалари тақдим қилинди.

Хўш, кейинчи, кейин. “Шум бола”даги бой отанинг бу саволига жавоб йўқ. Чунки, кейин деярли ҳеч нарса ўзгармади. Ҳатто бу масала масъулларнинг ҳам ёдидан кўтарилди. Бугун карантин чоралари юмшатилмоқда. Эрта-индин саёҳатлар бошланади. Майли хорижлик меҳмонлар келмай турсин.

Савол қўшни вилоятдан келган меҳмонлар Ал-Бухорий зиёрати учун йўлга чиқишганда эҳтиёж туғилса, йўл четидаги боғ оралашдан бошқа иложи борми?

Ўйлаймизки, масъуллар қисқа кунларда бу масалага ечим топишади. Акс ҳолда, катта магистраллар ёқасидаги нав-ниҳоллар ҳам қиш келмасидан қуриб битишига кафолат йўқ. Яна билмадик.

Ё.ГАДОЕВ.