Бугун туғилган кун

Ўзбек ва тожик тилларида қалам тебратаётган шоир, иқтидорли ижодкор Нормурод Каримов 1951 йил 10 февралда Самарқанд туманида туғилди.

1958-1968 йилларда Самарқанд туманидаги 16-умумтаълим мактабида таҳсил олди. Сўнгра Садриддин Айний номидаги Самарқанд педагогика институтида ўқиди.

Илк меҳнат фаолиятини 1972 йилда “Ҳақиқати Ўзбекистон” (ҳозирги “Овози Тожик”) газетасида бошлади. Бир вақтнинг ўзида Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги 45-умумтаълим мактабида ўқитувчи сифатида ҳам ишини давом эттирди. Уч йилдан сўнг Самарқандга қайтиб, ўзи таҳсил олган 16-умумтаълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлади ва ўриндошлик асосида педагогика институтининг фалсафа кафедрасида ўқитувчилик қилди.

1981 йилда Самарқанд туманидаги пионерлар уйи (ҳозирги «Баркамол авлод» болалар мактаби) директори лавозимига тайинланди. 12 йилдан буён эса Самарқанд туманидаги “Гулобод тонги” газетаси таҳририятини бошқармоқда.

Каримзода тахаллуси билан ижод қилаётган шоирнинг “Меҳрнома”, “Авроқи дил”, “Насими фараҳбахш”, “Умр саховати ёғдулари”, “Меҳр кўзда”, “Чаманистон андиша”, “Оби раҳмат”, “Равзаи роз”, “Суханобод-3”, “Дурахши маъно”, “Шукронаи истиқлол”, “Кўнгил саодати”, “Субҳ ва хайр” каби ўндан зиёд китоблари бор.

Нормурод Каримов Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Турон фанлар академияси фахрий аъзоси.