Бугундан 1-синфга онлайн қабул бошланди

2025-2026 ўқув йилида вилоятдаги 1268 та мактабларга 91740 нафар мактаб ёшидаги болалар 1-синфга қабул қилиниши прогноз қилинган. Умумий ўрта таълим мактаблари 1-синфига 89667 нафар, хусусий ва бошқа вазирлик ҳамда идоралар тасарруфидаги мактабларга 2073 нафар 7 ёшли болаларни қабул қилиш режалаштирилган.
Вилоятда 1-синфга қабул қилиш бўйича давлат хизмати орқали амалга ошириладиган мактаблар сони 2025-2026 ўқув йилида 100 тадан 216 тага ортди. Ўтган йили Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар мактаблари онлайн қабул қилган бўлса, жорий йилда Тойлоқ ва Самарқанд туманлари умумий ўрта таълим мактаблари ҳам 1-синфга онлайн тарзда бола қабул қилади.
Бу йил вилоятдаги барча умумий ўрта таълим мактабларига 3 117 та ўзбек, 162 та рус, 24 та тожик, жами 3 303 та синфларга ўқувчилар қабул қилиниши режалаштирилган. Янги ўқув йили учун 1-синфларга 2018 йил 31 декабрга қадар туғилган болалар қабул қилинади.
2025-2026 ўқув йили учун 1-синфга қабул қилиш бўйича давлат хизмати Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ёки Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг электрон давлат хизматлари портали (my.maktab.uz) орқали 2025 йилнинг 20 июнидан – 31 июлига қадар бириктирилган микроҳудуд доирасида ҳамда 1-15 августга қадар микроҳудуддан ташқари ҳудудлардан амалга оширилади.
Қабул жараёнлари онлайн олиб бориладиган 4 та ҳудуд (Самарқанд шаҳар, Каттақўрғон шаҳар, Тойлоқ, Самарқанд туманлари) нинг микроҳудудлари туман (шаҳар) ҳокимларининг қарори асосида белгиланган микроҳудудларда истиқомат қиладиган ота-оналар фарзандларини my.maktab.uz ёки my.gov.uz давлат хизматлари орқали ариза топширишлари зарур бўлади.
Онлайн ҳужжат топшириш учун нима қилиш керак?
Ариза берувчи 20 июндан 31 июлга қадар давлат хизматидан фойдаланган ҳолда болани умумтаълим мактабига ўқишга жойлаштириш учун ЯИДХП ёки ММТВ порталида рўйхатдан ўтади.
Ариза берувчи портал орқали сўровномани электрон равишда мустақил тўлдиради.
Бунда ариза берувчи болаларнинг ота-онаси ўрнини босувчи шахслар бўлган тақдирда, уларнинг қонуний вакили эканлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилади.
Сўровнома тўлдирилгач, яшаш манзили бўйича микроҳудудга бириктирилган умумтаълим мактаби автоматик равишда белгиланади.
Ариза берувчининг яшаш манзили бўйича умумтаълим мактабида танлаган таълим олиш тилидаги синф бўлмаган тақдирда, яқин ҳудудда жойлашган бошқа умумтаълим мактаби микроҳудуд сифатида бириктирилади.
Ариза берувчи портал орқали сўровномани тўлдириб, тасдиқлаганидан сўнг барча ҳужжатлар ва тўлдирилган сўровнома автоматик тарзда ҳудудий мактабгача ва мактаб таълими бошқармасига юборилади.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси сўровномани уч иш кунида кўриб чиқади ва микроҳудуд бўйича умумтаълим мактабига юборади ёки сабаби кўрсатилган ҳолда қайтарилади. Бу ҳақида ариза берувчиларга хабар юборилади.
Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан мурожаати қайтарилган ариза берувчи аввалги ариза рақамини кўрсатиб, аниқланган камчиликларни бартараф этган ҳолда қайта мурожаат қилади.
Таълим бошқа (жумладан, рус) тилда олиб бориладиган умумтаълим мактабларида қабул комиссияси болалар билан суҳбат жараёнида танлаган тилда боланинг бошланғич сўзлашув кўникмасига эга эканлигини ўрганади.
Бола танлаган тилда бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса, қабул комиссияси болани сўзлашув кўникмасига мос синфга ёки бошқа умумтаълим мактабига жойлаштириш юзасидан қарор қабул қилади.
Умумтаълим мактаблари болаларни умумтаълим мактабларига қабул қилинганлиги ёки сабаби аниқ кўрсатилган ҳолда қабул қилишни рад этилганлиги тўғрисидаги маълумотни ЯИДХП ёки ММТВ портали орқали шу куннинг ўзида ариза берувчига юборади.
Давлат хизмати жорий этилмаган мактабларда қабул жараёни қандай бўлади?
Давлат хизмати жорий этилмаган туманлардаги умумий ўрта таълим мактабларига 1-синфга қабул жараёнлари умумий ўрта таълим мактаблари раҳбарлари томонидан амалга оширилади ҳамда мактабга қабул қилинган ўқувчилар вазирликнинг электрон тизими (adm.maktab.uz)га киритилади.
Болаларни умумтаълим муассасасининг 1-синфига қабул қилиш учун уларнинг ота-оналари томонидан қуйидаги ҳужжатлар топширилади:
- умумтаълим муассасаси директори номига ариза;
- боланинг соғлиғи тўғрисида тиббий маълумотнома;
- боланинг 3,5 х 4,5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурати.
Болалар умумтаълим муассасасининг 1-синфига тайёргарлик даражасидан қатъий назар, танловсиз қабул қилинади, фақат мусиқа ва санъатга ихтисослаштирилган таълим муассасалари бундан мустасно.
Микроҳудуддан ташқаридан қўшимча бола қабул қилиш мумкинми?
Умумтаълим мактабларининг бўш ўринларига микроҳудуддан ташқаридан қўшимча болалар қабул қилиниши мумкин. Микроҳудуддан ташқаридан болалар 1-синфга ҳар йили 1-15 август кунлари қабул қилинади.
ЯИДХП ёки ММТВ портали орқали ариза берувчи ўз хоҳишига кўра мазкур Регламентда кўрсатилган муддатларда микроҳудуддан ташқари бўш ўринлари мавжуд бўлган умумтаълим мактабларини танлагандан сўнг сўровнома автоматик тарзда танлаган умумтаълим мактабларига юборилади.
Ариза берувчи мурожаат юборилган вақтнинг ўзида микроҳудуддан ташқарида бўлган умумтаълим мактабига ҳужжатларни топшириш бўйича онлайн навбатга автоматик қўйилади.
Онлайн навбатда белгиланган муддатда ариза берувчи ўз фарзанди билан микроҳудуддан ташқарида бўлган умумтаълим мактабига боради.
Қабул комиссияси бир кун муддатда болани микроҳудуддан ташқарида бўлган умумтаълим мактабига қабул қилиш ёки қабул қилишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Микроҳудуддан ташқарида бўлган умумтаълим мактабига қабул қилиш рад этилган ва онлайн навбати бўйича микроҳудуддан ташқарида бўлган умумтаълим мактабига ўз вақтида келмаган ариза берувчининг фарзандлари таълим олиш учун бириктирилган микроҳудуд доирасида умумтаълим мактабига жалб этилади.
Ўқувчи ўрнига нисбатан таълим олаётган ўқувчилар сони кўп бўлган умумтаълим мактабларида микроҳудуддан ташқаридан қўшимча болалар қабул қилишга йўл қўйилмайди.
Умумтаълим мактабларига белгиланган қабул режаси доирасида ўқувчилар қабул қилингандан сўнг аризалар қабул қилиш автоматик тарзда тўхтатилади.
Розиқ ФАЙЗИЕВ,
вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг шўъба бошлиғи.