Бугунги қўшиқларда нега инсоний туйғулар камёб?

Мусиқани ҳар жойда эшитамиз: машинада, дўконда, кафеда. Ҳатто ижтимоий тармоқлардаги аксарият видеоматериаллар куй-оҳангсиз ёритилмаяпти. Аммо шу мусиқаларни, ашулалар матнини таҳлил қилсангиз, маъно тополмайсиз. Нега шундай?

Илгари бир қўшиқни эшитсак, оҳангидан юрагимиз завқланар, сўзларидан кишида фикр уйғонарди. Ашулаларда инсоннинг ички кечинмалари - муҳаббат, соғинч, Ватан, она куйланарди. Қўшиқнинг ҳар бир сатрида ҳаёт акс этар, оҳангида бир воқеа яширин эди.
Бугунги аксарият қўшиқларда эса куй, ритм замонавий, лекин сўз – майда, мазмун – саёз. Клипларда ҳаёсизлик акс этган, нима ҳақида куйлаётганини ҳатто ижрочининг ўзи ҳам билмайди. Қўшиқдаги муҳаббат юзаки, ифодалаш услуда инсоний туйғулар йўқ.

Айниқса, ижтимоий тармоқлар мусиқани "вирус"га айлантирди. Куй-оҳангнинг ижодий, бадиий қиммати емирилмоқда. Хонандалар маънога эмас, «лайк» йиғиш, «тренд»га урғу беришяпти. Улар фақат машҳурликни ўйлашяпти, миллий санъатимизнинг келажагини эмас.
Шукурки, ҳамон юракдан куйлайдиган санъаткорларимиз бор. Миллий мусиқа санъатимиз шуларнинг ҳисобига яшаб келяпти. Уларнинг ҳар бир ижроси миллийликка, халқимиз маънавиятига, ҳаётий ҳақиқатларга суянган. Сўз билан куйни уйғунлаштира олган бундай ижодкорлар мусиқа санъатимизнинг чин хазинаси.

Тўғри, замонавий мусиқа устидан нолиш осон туюлар. Лекин айтишимиз лозимки, биз, тингловчилар ҳам онгли бўлишимиз керак. Яхши мусиқани ажрата оладиган, маънисиз қўшиқларга эмас, мазмунли санъатга меҳр қўйсаккина, у ривож топади.

Сурайё ЭЛМУРОДОВА,
СамДЧТИ ўқитувчиси.