Булунғурда 611 нафар фуқаронинг пенсияси қайта ҳисоб-китоб қилинди
Бу ҳақда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Булунғур туман бўлими бошлиғи Ж.Абрақулов zarnews.uz'га маълумот берди.
- Шу йилнинг 19 сентябрида «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб бошлаб пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдори пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн баробаридан ўн икки баробаригача оширилди, - дейди Ж.Абрақулов. - Шу пайтгача пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун ўртача иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда ҳисобга олиниб пенсия тайинлаб келинган эди. Яъни, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори 324 минг сўм ҳисобидан унинг 10 баробари 3 миллион 240 минг сўмни ташкил қилган ва пенсия шу ҳисобдан тайинланган бўлса, эндиликдан ушбу чегара 3 миллион 888 минг сўмни ташкил қилади.
Булунғур тумани пенсия жамғармаси ҳисобида бугунги кунда 20517 нафар пенсия, нафақа олувчилар бор. 2023 йил 1 январдан 611 нафар фуқаронинг пенсия миқдори қайта ҳисоб-китоб қилинди ва уларга оширилган пенсиялари январь ойида тўлаб берилади.