Булунғурда ота алимент учун салкам 132 миллион сўм тўлаб берди

Фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг қарори билан фуқаро А.С.дан ундирувчи Г.Ҳ.га икки нафар вояга етмаган фарзандининг моддий таъминоти учун учдан бир қисми миқдорида алимент ундириб бориш белгиланган.
Бу ҳолат бўйича Мажбурий ижро бюроси Булунғур тумани бўлими томонидан ижро иши юритилган. Анчадан бери фуқаро А.С. алимент тўловларини тўламасдан келаётган эди.
Бугунги оғир шароитда муқим даромади бўлмаган, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлаш нақадар муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда бюронинг Булунғур туман бўлими ходимлари томонидан тушунтириш ва профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу жумладан, қарздор А.С. билан ҳам атрофлича суҳбат ва тушунтириш ишлари ўтказилиб, бугунги синов кунларида фарзандларини моддий қўллаб-қувватлаш ҳар бир отанинг бурчи экани ётиғи билан тушунтирилди.
Мажбурий ижро бюроси Булунғур туман бўлимининг хабарига кўра, бундан ўзига тўғри хулоса чиқарган қарздор ота фарзандлари таъминотини ўйлаб, улар вояга етгунига қадар ҳисоблаб, 131 миллион 760 минг сўм пулни тўлаб берди.