Булунғурлик тадбиркорлар муаммоларига Бош вазир қабулхонасида ечим топмоқда
Аслида Бош вазирнинг жойлардаги тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари вазифаси ишбилармонларни қийнаётган масалада зарур амалий ёрдам кўрсатишдан иборат. Булунғур тумани Каттақишлоқ-1 маҳалласида яшовчи Тўйчи Аҳмедов бу вазифа нечоғлик уддаланаётганига ўз тақдири мисолида гувоҳ бўлди.
Аслида у тадбиркорлик фаолиятини, яъни бройлер жўжа боқишни ният қилган. Бу борадаги режасини амалга ошириш учун етмаётган сармояни банкдан кредит шаклида олмоқчи бўлади. Шу мақсадда "Халқ банк"и Булунғур тумани филиалига "Ҳар бир оила - тадбиркор" давлат дастури асосида имтиёзли кредит маблағини ажратиш тўғрисида мурожаат қилади.
Барча зарур ҳужжатларни топширганлигига қарамасдан, банк таъминотчи корхонага белгиланган маблағни ўтказиб бермайди. Тадбиркорлик фаолиятига бўлаётган бундай тўсқинлик ҳақида у Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасига маълум қилган. Булунғур туманидаги қабулхона аралашуви билан 15 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилиши таъминланди.
Шунингдек, тумандаги Меҳржон маҳалласида яшовчи "Давлатбек ҳалол нони" оилавий корхонаси раҳбари Шариф Файзуллаев ҳам банкдан кредит олишда бюрократик тўсиққа дуч келган. У нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш корхонаси очиш учун жорий йил январь ойида Булунғур тумани “Агро банки”га 100 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишини сўраб ариза ёзган. Аммо мурожаатчига 3 ойдан буён кредит ажратилмаётганлигидан шикоят қилиб, амалий ёрдам сўради.
Қабулхона аралашуви билан корхонага банк томонидан 80 миллион сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиши таъминланди.
Азамат ХОЛБЕКОВ,
Булунғур туманидаги Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси мутахассиси.