Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бухоро билан бирга яшаган, Бухорога айланган шоир

Шундай кишилар борки, бутун умрини бир Ватанга, бир муқаддас заминга, бир эзгу ғояга бағишлайди. Улар кетганидан кейин ҳам яшашда давом этади — ёзган сўзларида, қолдирган изларида, қалбларга сингдирган меҳрида, шогирдлари тақдирида яшайди.

Ана шундай умрини илмга, адабиётга ва маърифатга бахшида этган улуғ инсонлардан бири — шоир, таржимон, тасаввуфшунос олим Садриддин Салим Бухорий эди.
1946 йил 16 ноябрда қадимий Бухоронинг Чўпбоз гузарида дунёга келган олимнинг тақдири гўё шу муқаддас шаҳарнинг кўҳна деворлари, осмонўпар миноралари, файзли зиёратгоҳлари ва асрлар қаъридан таралиб турган маънавий нафаси билан чамбарчас боғланиб кетган эди. У Бухорода туғилди, Бухорода камол топди ва бутун ижодий умри давомида Бухоронинг руҳини, тарихини, маънавий қиёфасини қаламга муҳрлади.

Унинг ҳаёти — шовқин-суронсиз, аммо мазмун ва маъно билан тўла бир умрнинг ёрқин намунаси эди. Садриддин Салим Бухорий қалбидаги туйғуларни шеърга айлантирди. «Оққушим», «Эрка қушим», «Ёруғлик одами», «Рўмолча», «Бухорога Бухоро келди», «Дурдоналар» каби шеърий тўпламлари орқали адабиёт мухлислари қалбидан жой олди. Унинг шеърларида самимият бор, соғинч бор, муҳаббат бор. Энг муҳими, уларда Ватан деган буюк туйғу бор эди.У қаламини фақат шеърият билан чеклаб қўймади. Бухоронинг кўп асрлик маънавий меросини ўрганиш, авлиёлар ва алломалар ҳаётини халққа етказиш йўлида ҳам улкан меҳнат қилди. «Баҳоуддин Нақшбанд ёки етти пир», «Уч авлиё», «Ҳазрат Абу Кафс Кабир», «Икки юз етмиш етти пир», «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд», «Ҳазрат Каъбул Ахбор Валий» каби тарихий-маърифий асарлари орқали халқимизнинг бой маънавий хазинасига муносиб ҳисса қўшди. Бу асарларнинг ҳар бирида тарихга эҳтиром, аждодлар руҳига садоқат, маънавиятга муҳаббат мужассам.

Унинг ижодий фаолияти кино ва телевидение соҳасида ҳам самарали кечди. Беш қисмдан иборат «Имом ал-Бухорий» телевидеофильми, «Абу Ҳафс Кабир», «Ҳожаи Жаҳон» телефильмлари сценарийларини ёзиб, буюк аждодларимиз ҳаёти ва маънавий меросини кенг оммага етказишга хизмат қилди.

Садриддин Салим Бухорий таржимон сифатида ҳам ўзбек адабиёти ва маънавиятига улкан ҳисса қўшди. Улуғ немис шоири Гётенинг «Ғарбу Шарқ девони» асарини немис тилидан ўзбек тилига ўгирди. Хожа Ориф Ревгарийнинг «Орифнома», Муҳаммад Боқирнинг «Мақомати Шоҳи Нақшбанд», Хожа Шаҳобиддиннинг «Мақомати Сайид Мир Кулол» асарларини форс-тожик тилидан таржима қилиб, халқимизнинг маънавий бисоти янада бойишига хизмат қилди.

У бир тилдан иккинчи тилга фақат сўзларни эмас, балки маъноларни, руҳиятни, асрлар давомида шаклланган тафаккур ва ҳикматларни олиб ўтди. Бу эса ҳар қандай таржимонга ҳам насиб этавермайдиган катта масъулият ва юксак истеъдоддир.

Садриддин Салим Бухорий шахсиятининг энг ёрқин қирраларидан бири — унинг Ватанга бўлган чексиз муҳаббати эди. Унинг учун Бухоро оддий бир шаҳар эмас, балки юракнинг энг азиз гўшаси, руҳиятнинг макони, умрнинг мазмуни эди. У Бухорони севиш орқали бутун Ўзбекистонни севишни, унинг ҳар бир қарич ерини қадрлашни ўргатди. У Ватанни баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки бутун умри, ижоди ва қалб қўри билан севди.
Шу боис унинг шеърларини ўқиган инсон Бухоронинг кўҳна кўчаларини кўргандек, минораларидан таралаётган азон садосини эшитгандек, қадимий шаҳарнинг сирли ва мунаввар нафасини ҳис этгандек бўлади. Шоир ўзининг бир шеърида шундай ёзган эди:

Мени излаб мозорларга борманг зинҳор,

Қалб риштаси шу Ватанга бойлангандир.

Бухорога келиб қаранг такрор-такрор,

Садриддин ҳам Бухорога айлангандир.

Бу мисралар шунчаки шеър эмас. Бу — шоирнинг бутун ҳаёти, бутун ижоди, бутун борлиғининг хулосаси. У Бухорони шунчалар севдики, охир-оқибат ўзи ҳам Бухоронинг бир бўлагига, унинг маънавий қиёфасига айланди.

Шоир 2010 йил 10 март куни юрак хуружи туфайли 64 ёшида бу фоний дунёни тарк этди. Унинг кетиши адабиёт, илм-фан учун оғир йўқотиш бўлди. Аммо инсоннинг умри унинг дунёдан ўтган куни билан ўлчанмайди. Инсоннинг ҳақиқий умри — у қолдирган эзгулик, айтган ҳақ сўзлари, қалбларга сочган зиёси билан давом этади.

Бугун, 16 ноябрь — Садриддин Салим Бухорий таваллудининг 80 йиллигида, унинг ҳаёти ва ижодини ёдга олар эканмиз, бир ҳақиқатни яна бир бор англаймиз: у устоз эди — шогирдлари қалбида яшайди. У шоир эди — шеърлари орқали яшайди. У олим эди — асарлари орқали яшайди. У Ватан фарзанди эди — халқ хотирасида яшайди.