Йўлдош Эшбек: "Остонангга дилимнинг торларини бойладим"
Таниқли шоир Йўлдош Эшбек 1952 йил 1 сентябрда Иштихон туманида таваллуд топди. Ўрта мактабни тугатиб, ТошДУнинг филология факультетида таҳсил олди.
Дастлабки шеърлар тўплами «Соғиниб яшайман» номи билан 1981 йилда чоп этилди. Шундан кейин шоирнинг «Юксак дарахтлар», «Мовий турналар», «Яхшиликка қарайман», «Дарахтлар эртаги», «Ҳаёт чечаги», «Мангу масофа» каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Имом Ғаззолийнинг «Эй фарзанд», Аҳмад Лутфийнинг «Ўгай она», «Ҳазрати Али», Фотима Темурнинг «Кўнгил дўстлари» («Тазкират ул-авлиё»), Амина Шанк ўғлининг «Виждон азоби»ни ҳамда Ўлжас Сулаймон («Сопол китоб») ва бошқа адибларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
1998 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
***
Қадим оҳангларда
Остонангга дилимнинг
Торларини бойладим.
Мен бир дунё сулувдан
Сен сулувни сайладим.
Сайладиму кўзимда
Ҳалқоб-ҳалқоб ёш бўлди.
Бу бевафо дунёнинг
Бағри менга тош бўлди.
Сен юлдузсан — қўл етмас,
Ошиқ бўлдим, сулувим.
Энди сенинг ўрнингга
Қўшиқ қолди, сулувим.
Бир қўшиқки, дилимнинг
Тубларига зил бўлар.
Айтсам оҳдир, айтмасам –
Сарғайтириб сил қилар.
Остонангга дилимнинг
Торларини бойладим.
Мен бир дунё сулувдан
Сен сулувни сайладим.
Эшигинг зулфаклари
Тилло экан, билдим-ку.
Қўлим калта эканин
Билиб, бағрим тилдим-ку.
Тилим бағрим ичинда
Дардинг сизиб ётади.
Қўшиқ қилиб қалбимни
Кўзларимга отади:
Кўзларимда айланган
Ҳалқоб-ҳалқоб ёш бўлди.
Бу бевафо дунёнинг
Бағри менга тош бўлди.