Очиқлик, шаффофлик ва жамоат назорати ҳар қандай коррупция аломатларининг олдини олишга хизмат қилади
Самарқанд давлат университетида вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаши аъзолари учун икки кунлик ўқув семинар-тренинг ташкил этилди.
Ушбу тренинг коррупцияга қарши курашиш соҳасида институционал ёндашувларни кучайтириш, амалиётда учраётган муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда замонавий профилактика механизмларини жорий этишга қаратилди.
Тренинг давомида иштирокчилар томонидан коррупциянинг келиб чиқиш сабаблари, унинг тизимли хусусиятлари ва жамият ривожига салбий таъсири атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, “Манфаатлар тўқнашуви қайси ҳолатларда коррупция хавфини бевосита юзага келтиради?”, “Коррупцияга қарши кураш стратегиялари самарали бўлиши учун қайси институционал ёндашув барқарор натижа беради?”, “Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар қачон коррупцияга қарши курашда стратегик субъектга айланади?”, “Коррупцияга нисбатан муросасизлик маданияти қандай шароитда жамиятда барқарор институт сифатида шаклланади?” каби долзарб саволлар атрофида фикр алмашилди.
Семинарнинг амалий қисми ҳам иштирокчилар учун катта аҳамият касб этди. Унда коррупциявий хавф-хатарларни эрта аниқлаш, жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш, фуқаролар билан очиқ ва ишончли мулоқот олиб бориш, оммавий ахборот воситалари билан тизимли ҳамкорлик қилиш ҳамда давлат идораларида институционал шаффофлик даражасини баҳолаш бўйича амалий машғулотлар ўтказилди. Бу эса ҳудудий Кенгаш аъзоларининг назарий билимлари билан бирга уларнинг амалий кўникмаларини ҳам мустаҳкамлашга хизмат қилди.
- Коррупция, аввало, жамиятдаги бошқарув сифатига тутиладиган кўзгудир, дейди халқаро тоифадаги медиатренер Беруний Алимов. - Коррупцияни фақат қонунбузарлик сифатида баҳолаш етарли эмас. Агар фуқаролар ахборотни эркин ололмаса, давлат идоралари фаолияти шаффоф бўлмаса ёки оммавий ахборот воситалари савол беришдан қўрқса, ҳар қандай ислоҳот ҳам кутилган натижани бермайди. Сир эмас, бугунги кунда ОАВ давлат органлари ва аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни таъминловчи муҳим кўприк, коррупциявий ҳолатларни эрта аниқловчи индикатор ҳамда жамоатчилик фикрини шакллантирувчи таъсирчан институт сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис, коррупцияга қарши курашда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва давлат органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Семинар-тренинг айнан шу мақсадларга хизмат қилиб, коррупцияга қарши курашишда тизимли фикрлаш, институционал ёндашув ва очиқлик тамойилларини амалиётга жорий этиш йўлида муҳим қадам бўлди.