Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасидан тадбиркорга 1 миллиард сўм маблағ ундириб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) девони Самарқанд вилояти шуъбаси томонидан шу йилнинг 11 ойида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 589 та мурожаатнинг 54 фоизида мурожаатчиларнинг ҳуқуқлари тикланиб, талаблари қаноатлантирилди.
Мазкур мурожаатларнинг 19 фоизи солиқ, 13 фоизи ер, кадастр, архитектура, 10 фоизи банк, молия ва кредит, 11 фоизи давлат идораларининг қарорлари ёки мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, 8 фоизи текширувлар натижасидан норозилик ҳамда 8 фоизи инфратузилмага ва бошқа масалаларига оид мурожаатларни ташкил қилди.
Мурожаатларни ўрганиш жараёнида уларда келтирилган важларни чуқур ўрганиш ва имкон қадар қаноатлантиришга ҳамда тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга эътибор қаратилиб, натижаси бўйича 2 миллиард 970 миллион сўмлик қарздорликлар ундирилди, 1 миллиард 812 миллион сўмлик молиявий жарималар бекор қилинди ҳамда 5 миллиард 712 миллион сўмлик ортиқча ундирилган тўловлар қайтарилиши таъминланди.
Тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини туну кун қабул қилиш, ҳал этиш мақсадида “Тадбиркорлар виртуал офиси” ахборот портали фаолияти йўлга қўйилган. Жорий йилнинг 11 ойида ушбу портал орқали вилоятимизда фаолият юритувчи тадбиркорлардан 806 та масала юзасидан 717 та мурожаат келиб тушди ҳамда 776 та масала кўриб чиқилиб, 222 таси ҳал этилди, 511 таси юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилиши назоратга олинди.
Ушбу портал орқали келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ва муддатига риоя қилмаганлиги боис 8 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жазо чоралари кўрилиши таъминланди. Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказилаётган текширувлар ҳисоби юритилиб, уларнинг қонунийлиги “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Хусусан, ўтган даврда 584 ҳолатда қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, 53 ҳолатда ноқонуний текширувлар ўтказилгани, 531 ҳолатда текширув ўтказишнинг амалдаги тартиблари бузилгани кузатилиб, назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларига нисбатан қонуний чоралар кўрилиши таъминланди.
Умуман, ўтган даврда жами 211 нафар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини бузилганлиги учун 81 нафар, ноқонуний текширув ўтказиш ва текшириш тартибини бузганлиги учун 65 нафар, давлат хизматлари кўрсатиш тартибини бузганлиги учун 36 нафар, лицензия ва рухсатномалар тартиби бузилганлик ҳолати бўйича 24 нафар мансабдор шахс ва хизматчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, жами 782,4 миллион сўм миқдорида жарима жазолари тайинланди.
Мурожаатлар асосида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини таъминлаш юзасидан назорат қилувчи ва давлат органларига 5 та тақдимнома ва 41 та хулоса ҳамда судларга 5 та даъво аризаси киритилди.
Масалан, Паст Дарғом туманида фаолият юритувчи “Ҳақиқат” МЧЖнинг (номи ўзгартирилган) мурожаатини ўрганиш давомида буюртмачи – Самарқанд вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан тузилган шартнома бўйича бажарувчи – тадбиркор томонидан хизматлар тўлиқ бажарилган бўлса-да, буюртмачи узоқ вақт мобайнида тадбиркорнинг пулларини тўлаб бермаётгани аниқланди ва ушбу қарздорликни ундириш ҳақида судга даъво аризаси киритилди.
Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2025 йил июнь ойидаги ҳал қилув қарори билан буюртмачидан тадбиркор фойдасига 1 миллиард 27 миллион 143 минг сўм ундирилиши белгиланди ва қарздорлик суммаси тўлиқ ундириб берилди.
Бизнес-омбудсман институти фаолиятининг яна бир муҳим йўналишларидан бири бўлган тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлашга, уларни ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан жорий йилда 30 дан ортиқ таклифлар тайёрланди.
Нодир Намозов,
Бизнес-омбудсман девони Самарқанд вилоят шуъбаси ходими.