Хуршид Нуруллаев: “Куз оламнинг моҳир рассоми”

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Хуршид Нуруллаев 1959 йил 3 сентябрда Тойлоқ туманининг Сочакипоён қишлоғида туғилган.

Ўрта мактабни битиргач, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институтида таҳсил олган.

 “Даракчи” нашриёт уйи ижодиёт ва таҳлил гуруҳи бошлиғи, “Гулобод тонги” газетасида мухбир, “Келажак авлод” газетаси муҳаррири, “Китоб олами” маънавий-маърифий мажмуаси бош директори, Ўзбекистон Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари каби лавозимларда ишлаган.

Ҳозирда Самарқанд шаҳар ҳокимининг жамоатчилик билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси бўлиб фаолият юритмоқда.

“Ёмғир ҳиди”, “Туғён”, “Муҳаббат мулки”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир”, “Ҳаммаси асабдан”, “Муҳаббат бор”, “Кўнгилдаги гаплар”, "Бахтли бўлиш ўзимга боғлиқ" каби китоблари чоп этилган.

 

***

Куз манзаралари

Адир бўйи, қаватли чайла,

Қовун ҳиди таралган полиз.

Ғужғон юлдуз булутсиз кўкда,

Қўл етгудек, эмасдек олис.

 

Ялангликка содиқ қўриқчи,

Тонг қаршилар ёлғиз қайрағоч.

Бағрин очган каби адирга

Тоғ уфққа ёзар кенг қулоч.

 

Бир ой татиб қайноқ тафтини

Табиатнинг олтин қаловин,

Илҳақ бўлиб деҳқон кафтига

Тарс ёрилар чидолмай қовун.

 

Бир силкинар ғичирлаб чайла,

Уйғонади деҳқон жунжикиб.

Қир ортида кўринган қуёш

Турар унга майин кўз тикиб.

 

Барг силкитмай қўйган қайрағоч

Чиқармади бир ой сасини.

Ел япроққа ўқита бошлар

Саратоннинг жанозасини.

 

*  *  *

 

Донишмандга ўхшаш казоми

Табиатнинг уста бу фасли.

Куз оламнинг моҳир рассоми,

Заррин рангдан қонар ер васли.

 

Шалпангқулоқ баргли полизнинг

Юзи сарғич тоб олар аста.

Бошсиз қолган кунгабоқарлар,

Эсиз, бўлмас кетмонга даста.

 

Баҳор селин домига ютган

Сой илондек ётар чўзилиб.

Туман тоғни тўсиб қўйгани

Ўхшар кимдир қўйган бўз илиб.

 

Интиқ кўнгил истар юксакни,

Ғўзалар чўт қилгандан сероб.

Бўлиқлигин кўриб кўсакнинг

Суғоришдан тўхтайди мироб.

 

Қўл-оёқсиз қолгани унут,

Енг шимариб олган ел, шоввоз.

Пайдо бўлар мусофир булут,

Тошбақа одимлаб беовоз.

 

Булут – муқимлик ёт, кўчманчи,

Қуёшнинг паст шаштини пайқаб,

Томчи билан қўяди санчиб,

Япроқларни елкандек чайқаб.

 

Баргпарастроқ асли тирамоҳ,

Дарахтларга тегади кўзи.

Япроқлар куз эътиборидан

Уялади – қизарар юзи.

 

Япроқзорга айланар замин,

Дуркун барглар ётар бемажол.

Ёрдам бермоқ учун ҳар баргга,

Қўлтиғидан кўтарар шамол.

 

Тугаб қолган сариқ бўёғи,

Қайга боқма қорамтир тасвир.

Ёлғиз чолдек тортади маъюс

Кексайиб қолган куз – мусаввир.

 

Қадри кетиб, бўлиб бенуфуз,

Буткул ҳолдан тойиб, бояқиш,

Ҳаётдан кўз юмар рассом – куз,

Устига оқ бўз тортади қиш.