100 йиллик “Гулистон”

Самарқандда халқимизнинг севимли нашрларидан бири, бир асрлик тарихга эга “Гулистон” журнали ташкил этилганлигининг 100 йилиги муносабати билан таҳририят ижодий жамоаси иштирокида учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.
Шароф Рашидов номидаги Самарқанд давлат университети Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институтида мазкур таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари ва талабалар, самарқандлик ижодкорлар қатнашган ижодий учрашувда журналнинг тарихи ва бугунги фаолияти ҳақида сўз юритилди.
Ўз даврининг илғор зиёлилари ташаббуси билан 1925 йилда ташкил этилган журнал дастлаб “Ер юзи” номи билан чиқа бошлаган. Журналнинг илк сонлариданоқ халқимиз ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган долзарб мақолалар, адабий-бадиий асарлар чоп этилган. Шу сабабли собиқ тузум таъсирида кейинчалик “Ўзбекистон қурилишда”, “Машъала” номлари билан қайта ташкил этилиб, фаолиятини давом эттирган. 1935 йилда “Гулистон” деб номланган.
Айни пайтда журнал Ўзбекистон Маданият вазирлиги муассислигида бир йилда 6 марта чоп этилмоқда. Унинг саҳифаларида маданият соҳасига оид материаллар, маданий мерос ва миллий қадриятлар, театр, мусиқа, тасвирий санъат ва халқ ижодиёти, маданий-маърифий муассасалар ва бошқа қардош халқлар ҳаёти ҳақида мақолалар бериб борилмоқда.
– Журналнинг юз йиллик тарихи шундан далолат берадики, унда ҳамма вақт, ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам халқимиз тарихи ва маданияти, адабиёти ва санъати, турмуш тарзи билан боғлиқ энг долзарб ғоялар, фикрлар, ташаббуслар илгари сурилган, – дейди “Гулистон” журнали бош муҳаррири ўринбосари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маматқул Ҳазратқулов. – Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Алавий сингари улуғ адибларимизнинг бадиий асарлари, илмий-публицистик мақолалари чиқиб турган. Журнал ўтган асрнинг 70-80 йилларида Иброҳим Раҳим, Асқад Мухтор муҳаррирлик қилган даврда республикамиздаги энг нуфузли ва оммавий нашрларидан бирига айланган. Бу даврда “Фарзандлар оталар ҳақида” рукни остида 30-50-йилларда қатағон қилинган давлат арбоблари, адабиёт ва санъат намояндалари ҳақида туркум мақолалар, “Темур тузуклари”, Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” асари чоп этилган. Бугунги ижодий жамоа журналнинг бир асрлик анъаналарини давом эттирган ҳолда юртимиз ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий, илмий-адабий ҳаётига оид мақолалар тайёрламоқда. Янги рукнлар ташкил этилмоқда.
Учрашувда журнал таҳрир ҳайъати аъзоси, Самарқанд давлат университети профессори М.Мухитдинов, Марказий Осиё халқлари тиллари ва маданияти институти директори Ж.Элтазаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Т.Тугалов, “Жамият” газетаси бош муҳаррири М.Жонихонов ва бошқалар “Гулистон”нинг мамлакатимиз илмий ва адабий муҳитидаги ўрнини эътироф этиб, унинг ўтмиши ва бугуни ҳақиди ўз фикрларини билдирдилар.
– “Гулистон”да ишламаган бўлсам ҳам менинг журналистлик фаолиятим, бадиий ижодимда бу журналнинг алоҳида ўрни бор, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, таниқли ижодкор Нусрат Раҳмат. – Хусусан, халқимизнинг севимли адиби Асқад Мухтор муҳаррирлик қилган йилларда у кишининг тавсиялари билан бир қатор долзарб мавзуларда мақолалар тайёрлаганман ва бу чиқишларим мамлакат миқёсида катта акс-садо берган, маълум бир тартиб-қоидалар ўзгаришига, жамиятдаги иллатларга ечим топишга хизмат қилган. Ҳалигача ушбу журналда чоп этилган мақолаларимни ҳаяжон билан эслайман, уларнинг ҳар бири қоғозга тушгунга қадар бўлган жараёнлар бир-бир кўз олдимдан ўтади.
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга журнал ижодкорларидан батафсил жавоблар олдилар.
Шу каби ижодий учрашув Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида ҳам ўтказилди ва унда вилоятдаги театрлар жамоалари вакиллари, маданият ходимлар иштирок этди.