Дам олиш кунлари совуқ ҳарорат кучаяди
Республика Гидрометеорология хизмати дам олиш кунлари учун об-ҳаво маълумотини тақдим этди.
Бугун Ўзбекистонда кундузги об-ҳаво шароитининг маркази Урал ҳудудлари устида жойлашган совуқ антициклон периферияси белгилайди.
Республика ҳудудларининг кўп қисмида ҳаво ҳарорати 0-5 даража илиқ бўлган ёғингарчиликсиз совуқ об-ҳаво сақланиб туради.
Туркманистонга қўшни ҳудудлар устида юқори циклон зонасида шаклланган булутли массив фақат республиканинг шимолий ҳудудларига таъсир кўрсатади. Бугун кундуз куни Қорақалпоғистоннинг ва Хоразм вилоятининг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати 4-9 даража совуқ бўлади.
Дам олиш кунлари юқори циклонли булутли массив аста-секин Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларига силжийди. 12 декабрда жануби-ғарбий ҳудудларда, 13 декабрда Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларининг баъзи жойларида бироз қор ёғиши мумкин. Республиканинг айрим жойларига туман тушиши эҳтимоли бор.
Шу кунларда ҳаво ҳарорати деярли ўзгармайди, кечалари 2-7 даража совуқ, кундуз кунлари 0-5 дарада илиқ атрофида, баъзи жойларда 2 даража совуққача, шимолда кечалари 12-17 даража совуқ, кундуз кунлари 4-9 даража совуқ бўлади.
Бундай ҳаво ҳарорати декабрь ойи ўрталаридаги ўртача кўп йиллик қийматлардан 6-9 даражага паст бўлишда давом этади.