Дастур ижроси: Каттақўрғондаги Чўянчи маҳалласи қисқа муддатда обод масканга айланди
Ҳудудлардаги танлаб олинган бир қатор маҳаллаларда “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича ишлар якунига етди. Ана шундай манзиллардан бири Каттақўрғон туманидаги Чўянчи маҳалласидир.
Бугун ушбу маҳаллада тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда "Нуроний" жамғармаси бошқаруви раиси С.Турдиев, республика ишчи гуруҳи аъзолари, вилоят ва туман фаоллари ҳамда туман сектор раҳбарлари иштирок этди.
Маҳалла ҳудуди – 157,5 гектар бўлиб, кўчалар сони 11 тани ташкил қилади. Чўянчи маҳалласида 859 та хонадон, 1043 оила бор, 4261 нафар аҳоли истиқомат қилади.
Маҳалла ҳудудида 2 та мактаб, биттадан оилавий шифокорлик пункти, мактабгача таълим муассасаси, шунингдек, 8 та тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Дастур асосида 4 та замонавий спорт майдончалари қурилди. Маҳаллада тўртта қабристонда ободонлаштириш ишлари олиб борилди.
Ўтган икки ярим ой мобайнида 12 та уй-жойи таъмирга муҳтож ва ўта оғир шароитда яшаётган фуқароларнинг турар жойлари жорий ва капитал таъмирлаб берилди. Дастур доирасида маҳаллалардаги 11 та кўчада инфратузилма ҳолатини яхшилаш мақсадида 8,4 км. йўл асфальт, 12,9 км. йўл шағал, 1,5 км. пиёдалар йўлаги барпо этилди.
Ундан ташқари, 9,1 км. узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 50 дона ёритиш мосламалари ва 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, мавжуд 4 таси таъмирланди, 184 та темир-бетон устунлар ўрнатилди.
Жойларда газ таъминотини яхшилаш учун 17 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди. 6,5 км. газ тармоғи текисланиб, рангланди. Аҳоли талабидан келиб чиқиб, 45 дона қўшимча суюлтирилган газ баллонлар етказиб берилди. 2 км. узунликдаги янги сув тармоғи тортилиб, аҳоли хонадонларига 50 дона сув ҳисоблагич ўрнатилди.
Маҳаллада 8,5 км. оптик алоқа кабели тортилди. 4 дона чиқинди контейнери ўрнатилди.
Бундан ташқари, маҳалладаги 8-мактаб, 41-боғча, "Чўянчи" оилавий шифокорлик пункти ва 5-мактаб филиалида қурилиш-бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, замонавий кўринишга келтирилди.
Аҳолининг муҳтож қатламига ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Жумладан, 11 нафар “Темир дафтар”да, 96 нафар “Аёллар дафтари”да ва 3 нафар “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган фуқароларга турли ёрдамлар кўрсатилди. Ногиронлик аравачаси ва аҳолига бепул дори-дармон воситалари ажратилди.
19 нафар фуқаронинг 393,5 млн сўм имтиёзли кредит, 14 нафар фуқаронинг 137 млн сўмлик субсидия олишига кўмаклашилди. Шу билан бирга, 14 нафар хотин-қизга тикув машинаси ва 2 нафар фуқарога асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари олиб берилди.
Аҳоли саломатлигини яхшилаш мақсадида 3863 нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, натижасига кўра уларнинг 41 нафар эҳтиёжи борига даволаниш учун ордер берилди.