Дастурчилик кишини оддий истеъмолчидан - ҳаётни яхшиловчи, енгиллаштирувчига айлантиради
Бугунги кунда рақамли технологиялар ёшлар учун энг жозибадор ва истиқболли йўналишлардан бирига айланиб бормоқда. Айниқса, дастурлашга қизиқаётган, бироқ қаердан бошлашни билмаётган, турли маълумотлар гирдобида адашиб қолаётган ёшлар бор. Уларни қийнаётган саволлар кўп – “ITга кириш қийинми?”, “Бир йилда натижага эришиш мумкинми?”, “Бу соҳа ҳақиқатан ҳам исталган жойдан туриб ишлаш имконини берадими?”.
Мазкур суҳбатимизда дастурлашнинг асл моҳияти, имкониятлари ҳамда ундаги адолат тамойиллар ҳақида кенг ёритишга ҳаракат қилдик. Суҳбатдошимиз IT соҳасида қисқа вақт ичида ўз ўрнини топиб, эътирофга сазовор бўлган дастурчи Жаҳонгир Қаршибоев бўлди.

- Дастурлашни бошлаш учун нима керак: махсус техник воситаларми ёки кучли билим?
- Бу савол - IT соҳасига кирмоқчи бўлган 90 фоиз ёшларнинг биринчи дуч келадиган тўсиғи. Қисқа жавоб берсам, йўқ. Кенгроқ тушунтирсам, кўпчилик ўйлайдики, дастурчи бўлиш учун хонада 3 та монитор, қиммат "Gamer" компьютери ва мияда фақат математика бўлиши керак. Бу афсона, холос.
Менинг қизиқишим болалигимдан бошланган. У пайтлари қўлимга тушган телефон борми, компьютерми, ҳамма техник имкониятларини титкилаб, "ичини ағдар-тўнтар" қилиб кўришга қизиқардим. Бузиб қўйишдан қўрқмаганман, аксинча, "Бу қандай ишлайди?" деган савол менга тинчлик бермас эди. Кейинроқ оддий ноутбукда код ёзишни бошладим. Тушундимки, дастурлаш учун энг муҳим нарса – бу муаммони ечиш қобилияти, танқидий фикрлаш ва хоҳиш.
"Супер билим"га келсак, дастурлаш олий математикадан иборат эмас. Бу кўпроқ мантиқий фикрлаш худди бошқотирма ечишга ўхшайди. Агар сиз кундалик ҳаётдаги муаммога ечим топа олсангиз, масалан, уйдан мактабга боришнинг энг қисқа йўлини топсангиз ҳам бу алгоритм, демак, сиз дастурлай оласиз. Мураккаб математика, масалан, матрицалар ёки интеграллар фақат дастурлашнинг сунъий интеллект ва Computer Vision соҳасига чуқур кирганингизда керак бўлади, лекин бошлаш учун мактаб даражасидаги билим етарли.
- Сизнингча, дастурлашни ўрганиш учун ёшларда ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Унда уларга нима халал беряпти?
- Одамлар рекламаларнинг кўплиги сабабли нотўғри танлов қилиб қўйишдан қўрқади. Тасаввур қилинг, сиз ITга қизиқиб бошладингиз ва YouTube ёки Телеграмга кирдингиз. У ерда нима бўляпти? Бир блогер чиқиб, "Python ўрганинг, бу келажак тили!" деса, иккинчиси чиқиб, "Йўқ, Python секин, C++ ёки Java ўрганинг, ҳақиқий дастурчи шуни билиши керак!", дейди. Учинчиси эса: "Код ёзиш ўлди, сунъий интеллект ўрганинг, бўлмаса, ишсиз қоласиз!" деб ваҳима қилади. Тўртинчиси: "Ўқиш шарт эмас, 1 ойда 1000 доллар топадиган курсим бор", деб алдайди. Шундай қилиб, сизнинг қаршингизда янги муаммо пайдо бўлади. Энди нима қилишингиз керак? Биринчи қадам аниқ мақсад ва тилни танлашингиз зарур. Кўп ёшлар "Мен ITчи бўламан", деб мақсад қўяди. Бу нотўғри ва мавҳум тушунча. Худди "Мен спортчи бўламан" дейишга ўхшайди. Қайси спорт? Футболми, боксми ёки шахмат? Ҳаммасини бирваракайига ўрганиб бўлмайди-ку. Шунинг учун, мақсадни аниқ қўйиш керак. "Мен веб-сайтлар яратмоқчиман" деса – Front end (HTML/CSS, JavaScript) ёки Python (Django)ни танлаши, "Мен сунъий интеллект ва роботлар билан ишламоқчиман", деса – иккиланмай Pythonни, "Мен телефон учун ўйинлар яратмоқчиман", деса – C# ёки Флуттер каби дастурлаш тилини ўрганиши керак.
Дастурлаш тили - дурадгорнинг болғасига ўхшаган нарса. Дурадгор болғани яхши кўргани учун эмас, балки буюм ясаш кераклиги учун ишлатади. Шу ўринда бошловчиларга биринчи тил сифатида Pythonни тавсия қиламан. Сабаби оддий ва кўп қиррали. Мен Pythonни ўрганиб ҳам веб-сайт (Django), ҳам Телеграм-бот, ҳам сунъий интеллект Computer Vision лойиҳаларини қила олдим. Бу битта ўқ билан бир нечта қуённи уриш имконини беради.
- Дастурчилик билан ўзингизни қандай даражага эришишингизни ўйлаб кўрганмисиз?
- Бирор иш бошладингми, ундан бирданига “катта маош" ёки “чет элга саёҳат қилишни” ўйлаш аҳмоқлик, деб биламан. Дастурлашнинг асл кучи бошқа. Бу билан сиз шундай даражага эришасизки, у ерда сиз шунчаки кузатувчи эмас, “ечим берувчи” бўласиз. Дастурчи ҳаётдаги оворагарчиликни кўриб, “Эҳ, шунақа экан-да” демайди, балки “Буни осонлаштириш мумкин-ку!” дейди. Масалан, қайсидир дастурчи шифохонадаги қоғозбозликни кўриб, “Ҳамширалар мониторинг тизими”ни яратган. Натижада рақамлаштириш ва оптималлаштириш туфайли бир соатлик иш 5 дақиқага тушган. Демак, дастурчилик кишини оддий истеъмолчидан - ҳаётни яхшиловчи, енгиллаштирувчига айлантиради.
- Бир йилда ITда катта натижа қилиш мумкинми? Ўз фаолиятингиз мисолида олиб қараганда…
- Агар бир йилда “миллионер” бўлишни назарда тутсангиз - бу эртак. Лекин бир йилда нолдан касб эгасига айланиш, ўзини молиявий таъминлаш ва жамият тан оладиган ютуқларга эришиш - айни ҳақиқат. Мен дастлабки 3-4 ой фақат ўрганиш билан ўтказдим. Олтинчи ойга келиб, кичик лойиҳалар қила бошладим. Кейин лойиҳаларим учун DGU (электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурнинг расмий рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома) олдим, Муҳаммад ал-Хоразмий стипендияси соҳиби бўлдим, “Йилнинг энг фаол ихтирочи инноватор талабаси” бўлдим, 3 та DGU, 10 га яқин мақолалар, стартап ғолибликлари ва энг муҳими, билими ортидан даромад топадиган мутахассисга айландим. Бир йилда натижа қилиш мумкин, лекин фақат ўрганиш билан чекланиб қолмай, мустақил амалиёт қилиш зарур.
- IT соҳасида исталган жойдан ишлаш мумкинлиги айтилади, бу қанчалик ҳақиқат?
- ITнинг ютуғи шунда. Нафақат исталган жойдан, балки ўзингизга қулай бўлган вақтни ҳам танлай оласиз. Завод ишчиси ускуна олдида бўлмасдан ишлай олмайди. Дастурчининг “заводи” эса ноутбук ва интернет. GitHub орқали мен Самарқандда ўтириб код ёзсам, жамоам Америкада ёки Европада бўлса ҳам, улар шу заҳоти менинг кодимни кўриб, давом эттиришлари мумкин. Сиз қишлоқда яшайсизми, шаҳарда яшайсизми, фарқи йўқ, яхши интернет бўлса, сиз глобал бозордасиз.
- Ёшлар нега бу соҳани танлаши керак, деб ўйлайсиз?
- Ёшлар ITни танлаши керак, чунки бу - адолатли майдон. Бу ерда сизнинг фамилиянгиз, кимнинг жияни эканлигингиз, қайси ҳудуддан эканлигингиз ёки бойлигингиз аҳамият касб этмайди. Компьютерга буларнинг қизиғи йўқ. Унга фақат сизнинг билимингиз, мантиқий фикрлашингиз ва ёзган кодингиз муҳим. Бугун инсонларни ахборот бошқармоқда ва бундан кейин дунё технологик тараққиётда илдамласа илдамлайдики, ортга қайтмаслиги аниқ. Жараён шундай давом этса, дастурчилик тез орада иқтисод, тиббиёт, умуман, ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида дастак вазифасини бажаради. Қолаверса, бу соҳа ёшларга ғояларини реал маҳсулотга айлантириш ва тезкор молиявий мустақиллик имкониятини беради.
Отабек Умиров суҳбатлашди.