Давлат-хусусий шерикликдаги боғчалар очишда кредит ставкаси ўзгарди
Давлат-хусусий шерикчилик асосидаги боғчалар очишда 1 фоизли имтиёзли кредит ажратилиши тартиби ўзгарган, деб эшитдим. Шу ростми?
Назира ПЎЛАТОВА,
Пайариқ тумани.
- Ҳа. 2020 йил 30 январдаги Президентимизнинг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2019 йил 1 декабрга қадар мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ишлари 25 фоиздан кам бўлмаган ҳажмда бажарилган битимлар бўйича кредитларни молиялаштириш учун зарур бўлган маблағлар Молия вазирлиги томонидан 2020 йил учун Давлат бюджетида Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларига мувофиқ, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича харажатлар учун назарда тутилган маблағлар доирасида 2020 йил 1 мартга қадар ажратилади. Бунда, кредитлар 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 1 фоизли ставка бўйича берилади.
2018-2019 йилларда белгиланган тартибда тузилган битимлар бўйича кредитлар:
- Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятларнинг маъмурий марказлари ҳамда вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставка бўйича;
- туманларнинг маъмурий марказларида — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставка бўйича;
- туманларнинг бошқа ҳудудларида — 15 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставкада ажратилади.
2021 йил ва келгуси йилларда тузиладиган битимлар бўйича кредитлар тижорат банклари томонидан мустақил белгиланадиган фоиз ставкаларида берилади.
Шунингдек, қарорга кўра, 2020 йил ва келгуси йилларда битимларнинг фақатгина халқаро молия институтларидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш учун аввал ажратилган кредитлар бўйича хусусий шерик томонидан қайтариладиган асосий қарзлар ҳисобидан махсус очилган шахсий ғазна ҳисобварағида жамланган маблағлар доирасида тузилишини таъминлаш белгиланди.
Бугунги кунда вилоятимизда 139 нафар ташаббускор тадбиркорлар томонидан мактабгача таълим ташкилотлари очиш учун битим тузилган. Уларнинг 96 нафарига кредит маблағлари ажратилган бўлиб, ҳозирда шундан 53 та давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фойдаланишга топширилган. Қолган объектларда қурилиш-жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги билан битим тузилган 43 лойиҳаларга имтиёзли кредит маблағлари юқорида келтирилган қарор бўйича ажратилади.
Ш.ШАРИПОВ,
вилоят мактабгача таълим бошқармаси бўлими бошлиғи.