Деҳнавликларнинг иссиқхонада кўкат етиштириш борасидаги тажрибаси ўрганилди
![](https://static.zarnews.uz/crop/e/9/720__80_e95b5220ea916fb50f1d90100a3f97f2.jpg?img=self&v=1739338846)
Семинар иштирокчилари янги тизим асосида Самарқанд туманидаги Деҳнав маҳалласида 3 та йўналиш бўйича аҳоли хонадонларида томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, етиштирилган маҳсулотларни ички бозор ва экспортга йўналтириш жараёнлари билан танишди.
Ушбу маҳаллада яшовчи Маҳфуза Муҳаммадиеванинг 11 сотих томорқа ер майдони бор, шундан 3 сотихи иссиқхона.
- Иссиқхонани 2019 йилда 10 миллион сўм кредит ҳисобидан қурган эдик, - дейди томорқачи М.Муҳаммадиеванинг ўғли Ислом Норқулов. - Йилига 4 маротаба ҳосил оламиз. Ўзим СамДУ иқтисод йўналиши 1-босқич талабасиман. Уч томонлама шартнома тузилган ва уруғликлар етказиб бериш, маҳсулотни харид қилишгача шу ернинг ўзида амалга оширилади. Биргина редисканинг ўзидан бир экин давомида 20 миллион сўмдан ортиқ фойда оламиз. Шу даромаддан бир йиллик шартнома пулим чиқади. Кейин кўкат экиб сотамиз. Кейин помидор ва бодринг экилади. Оиламизда 11 киши яшайди. Шу тариқа йил давомида уч киши томорқа ишлари билан банд бўлади.