Депутат номига ишламаслиги керак
Ўтиб бораётган ҳар бир кун бизни янги йилга тобора яқинлаштирмоқда. Бу фурсатлар эса табиийки, охирлаб бораётган йилни сарҳисоб қилиш, олдинда турган вазифаларни белгилаб олиш заруратини туғдирмоқда.
Шу боис, биз халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси раиси Феруз Насруллаевга мурожат қилдик.
- Феруз Фурқатович ўзингиз раҳбарлик қилаётган доимий комиссиянинг жорий йилги фаолиятида нималардан кўнглиз тўлди ва нималардан тўлмади?
- Пандемия туфайли эълон қилинган карантин тадбирлари табиийки, депутатлар фаолиятида ҳам бир қадар тўсқинлиқ қилди. Шунга қарамасдан, сайловчилар билан мунтазам алоқани йўлга қўйдик. Комиссия олдида турган вазифаларни амалга ошириш чораларини кўрдик. Хусуссан, доимий комиссия йиғилишларини Zoom платформаси орқали ўтказдик. Йиғилишларимизда бошқа масалалар қатори комиссия аъзоларининг иш фаолиятини ҳам танқидий-таҳлилий ўрганиб боряпмиз.
Мисол учун, доимий комиссия аъзоси 10-Оқдарё сайлов округидан сайланган депутат Дилшод Толлиев Мусурмонович ҳамда 41-Мевали сайлов округидан сайланган депутат Кенжа Бозоровлар бирорта ҳам депутатлик сўрови чиқармаган. Бу икки депутат ҳамда Фарход Ахроровлар шу кунга қадар вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқланган бўлса-да, анкета саволарига жавоб бермаган.
Қисқа айтганда, мазкур депутатларимизнинг фаолиятидан кўнглимиз тўлмаган. Шу боис, доимий комиссия йиғилишида муҳокама қилиниб, уларга зарур тавсия ва таклифларимизни берганмиз.
- Вилоят Кенгашида энг фаол депутат аниқланса, доимий комиссиянгизда ким бу номга лойиқ, деб ҳисоблайсиз? (Ўзингиз бўлишингиз ҳам мумкин). Нима учун?
- Доимий комиссия аъзоларининг ҳисоботларини таҳлил қилганимизда Азиз Ахраровнинг жуда ибратли ишларни амалга оширганлигига гувоҳ бўлганмиз. У йил давомида 33 та депутатлик сўрови чиқарганлигиёқ бунга мисол бўла олади.
Шунингдек, депутатимиз ташаббуси билан Давлатшоҳ Самарқандий маҳалласидаги Минск кўчасининг 300 метр ва Давлатшоҳ Самарқандий -1 кўчасининг 321 метр йўлига асфальт ётқизилди. Ҳудуддаги Фарҳод кафеси рўпарасидан ўтаётган магистрал ичимлик суви қувури ёрилиб, йиллар давомида беҳудага исроф бўлиб келаётган ичимлик суви муаммоси бартараф этилди.
Самарқанд тумани Қозиариқ маҳалласида яшовчи фуқаронинг хонадонидан доимий равишда парранданинг қўланса ҳиди келиб туришидан шикоят қилинган. Мурожаат асосида қайд қилинган хонадонда СЭОМ мутахассислари жалб қилиниб, кўрик ўтказилди ва 2000 дона “броллер” товуқлари боқилаётганлиги аниқланди. Фуқарога товуқларни олиб чиқиб кетиш, қолдиқларни тозалаш ва дизенфекция қилиш тавсия қилинган.
Тўғри, сайловчилар манфаатлари йўлида бошқа депутатларимиз ҳам тегишли ишларни олиб бормоқда. Таҳлилларимиз эса энг фаол депутатимиз А.Ахроров эканлигини кўрсатяпти.
- Доимий комиссия бир йил давомида нечта мутасадди раҳбарнинг ҳисоботини эшитди? Улардан қайси соҳа раҳбарлари қайта ҳисоб берди ёки қайси бирларининг берган маълумотларидан доимий комиссия депутатларининг кўнгли тўлмади?
- Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳисоботини эшитганмиз. Ҳисоботда ёшлар ва оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишлар муҳокама қилинган.
Алоҳида қайд этиш лозимки, бу орқали биринчидан сайловчиларнинг мурожаатларига ечим изланиб, бу борада тегишли бошқарма ва ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, депутатлар эса соҳада вужудга келаётган муаммоларни бартараф этишда фаол бўлиши белгилаб олинган.
Бундан ташқари, доимий комиссия томонидан Жомбой, Булунғур ҳамда Иштихон туманларининг 2020 йил ярим йиллигида иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурининг ижроси ўрганилди. Бу борада ташкил қилинган ишчи гуруҳ тайёрлаган маълумот вилоят Кенгашининг 10-сессиясида атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашида қабул қилинган 41 та қарор ижросини назорат қилиш доимий комиссиямизга юклатилган.
Бу маълумотларни айтишимдан мақсад шуки, ваколат доирасида барча даражадаги раҳбарлар ҳисоботларини эшитиб келяпмиз. Иш бор жойда камчилик бор, биз бундай ҳолларга гувоҳ бўлсак, уни зудлик билан бартараф этиш талабини қўймоқдамиз. Кенгашга берилаётган эътибор туфайлими ёки бошқа сабаб, бугунги кунгача ташкилотларга юборган талабномаларимиз ижросиз қолгани йўқ.
- Доимий комиссия келгуси йилда қандай ишларни режалаштирмоқда?
- 2021 йил “Ургут ЭИЗ” ҳамда жойлардаги кичик саноат зоналарини ўрганишни режалаштиряпмиз.
Бундан ташқари, режага вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг, вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғининг, вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғининг, Марказий банк вилоят бош бошқармаси бошлиғининг ҳисоботларини эшитиш киритилади.
Албатта, келгусида ҳисоботлар билан чекланиб қолмасдан, тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ўрганилиши лозим бўлган масалалар ҳам бор. Бу ҳақдаги режа вилоят Кенгаши сессиясида тасдиқланса, тўлиқ маълумот берсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
- Мазмунли суҳбат учун раҳмат!
Ё.МАРҚАЕВ суҳбатлашди.