Депутат сўрови - муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми

Демократик жамиятда халқ вакилларининг асосий вазифаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни давлат органлари ва мутасадди ташкилотлар олдига қўйиш ҳамда уларнинг ечимини таъминлашдан иборат. Мазкур вазифани амалга оширишда депутатлик сўрови институти алоҳида аҳамият касб этади. Нега?

Сўров ва унинг аҳамияти...
Депутатлик сўрови – депутат томонидан давлат органлари, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга муайян масала юзасидан расмий тушунтириш, маълумот ёки амалий чора кўришни талаб қилган ҳолда юбориладиган ҳуқуқий ҳужжат. Депутатлик сўровига ўн кун муддатда жавоб қайтарилиши шарт бўлиб, масъул ташкилотлар кўтарилган муаммо юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга мажбур ҳисобланади.

Депутат сўров юбориш орқали халқнинг овозини давлат органларига етказади, - дейди "Юксалиш" умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раҳбари, вилоят Кенгаши депутати Элёр Ҳамроев. - Фуқаро якка ҳолда мурожаат қилганда унинг муаммоси маълум вақт талаб қилиши мумкин. Аммо депутатлик сўровида масъул ташкилотлар масалага жиддий ёндашади.
Сайловчилар билан учрашувларда асосан коммунал хизматлар, йўллар, электр таъминоти, сув муаммолари, бандлик билан боғлиқ мурожаатлар кўп учрайди.

Кўплаб ҳолатларда депутатлик сўровлари туфайли йиллар давомида ечим топмаган масалалар ҳал этилмоқда. Масалан, айрим маҳаллаларда ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирталаб ички йўлларни асфальтлаш, трансформаторларни янгилаш, мактаб ва тиббиёт муассасаларини жиҳозлаш каби масалалар депутатлик аралашувидан кейин ижобий ҳал этилгани кузатилмоқда.
Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Ҳилола Бобоева томонидан жорий йил 24 апрель куни йўлларни таъмирлаш масаласида юборилган депутат сўровига вилоят автомобиль йўллари бош бошқармаси бошлиғи С.Маматқулов белгиланган муддат ичида жавоб қайтарди.
Депутат сўровида Ургут маркази билан Почвон Санчиқул маҳаллаларини боғловчи автомобиль йўлининг таъмирталаб ҳолати ҳамда тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида таъмирлаш ишларини амалга ошириш масаласи кўтарилган.

Ўрганиш натижаларига кўра, умумий узунлиги 15 километр бўлган йўлнинг сўровда кўрсатилган 1-2 километр қисмида таъмирлаш ишлари бошланган. Қисқа муддатда 2-3 километр оралиғида ҳам таъмирлаш ишлари бошланиши режалаштирилганлиги маълум қилинган.
Шу мисолнинг ўзиёқ, депутатлик сўровлари нафақат муайян ҳудуддаги муаммони бартараф этишга, балки давлат органлари фаолиятида очиқлик ва жавобгарликни кучайтиришга ҳам хизмат қилаётганини кўрсатади.

Ижобий жиҳатлар кўп...
Дарҳақиқат, депутатлик сўрови институти, аввало, давлат органлари фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини таъминлайди. Бу орқали аҳоли муаммоларига тезкор эътибор қаратиш йўлга қўйилади. Айниқса, ижтимоий аҳамиятга эга масалаларни ҳал қилишда бу институт муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, депутатлик сўрови орқали маҳаллий ривожланиш дастурларини шакллантиришда аҳоли эҳтиёжларини ҳисобга олиш имконияти кенгаяди. Ҳар бир сўров юзасидан расмий жавоб талаб этилиши давлат органлари масъулиятини ошираётгани ҳам бор гап.
Аммо ҳар қандай механизм каби депутатлик сўровлари институти ҳам муайян муаммолардан ҳоли эмас. Биринчидан, айрим ҳолатларда юборилган сўровларга формал муносабат билдирилиши кузатилади. Яъни, муаммонинг моҳиятига эътибор қаратилмасдан умумий мазмунда жавоб қайтарилиши мумкин.
Тўғри, молиявий ресурслар етишмаслиги сабабли кўтарилган масалаларни қисқа муддатда ҳал қилиш имконияти чекланади. Бундан ташқари, айрим ҳолатларда ижро назорати етарлича эмаслиги сабабли масалаларнинг ҳал этилиши чўзилиб кетиши мумкин.
Масалан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Коррупцияга қарши курашиш ва хавфсизлик масалалари бўйича доимий комиссияси аъзолари томонидан жорий йилнинг биринчи чорагида 6 та сўров чиқарилган. Депутат сўровларнинг барчасига ўз вақтида жавоб олинган. Аммо кўтарилган муаммоларнинг 4 таси ҳал этилмаган, масъуллар шунчаки жавоб бериш билан чекланган, холос.

Рақамлаштиришга зарурат бор

Ривожланган демократик давлатларда депутатлик сўровлари давлат бошқарувининг муҳим институти сифатида шаклланган. Кўплаб мамлакатларда сўровларнинг ижроси электрон платформалар орқали кузатиб борилади. Бу эса жамоатчилик учун шаффофликни таъминлайди ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади.
Юқорида қайд қилинганидек, юртимизда ҳам мазкур институт маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини такомиллаштириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришнинг самарали воситаси сифатида намоён бўлмоқда. Шу билан бирга, унинг самарадорлигини янада ошириш учун ижро интизомини кучайтириш, депутатларнинг малакасини ошириш ва жамоатчилик иштирокини кенгайтириш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.
Бугунги кун воқелигидан келиб чиқиб, депутатлик сўровлари ва унинг ижросини рақамлаштириш ва онлайн мониторинг қилиш механизмини жорий қилиш керак. Шунда бу институтнинг самараси янада ортади. Зеро, халқ ишончига сазовор бўлган депутатнинг ҳар бир сўрови ортида минглаб фуқароларнинг манфаати, орзу-умидлари ва муносиб ҳаёт кечиришга бўлган интилиши мужассам.

Ё.МАРҚАЕВ.