“Динамо” бу мавсум қандай таркиб билан ўйнайди?
Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университетида “Динамо” жамоасининг мавсумолди тақдимот ва таништирув маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда иштирок этган вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов бошланадиган мавсум ғалабаларга бой бўлишини, янги таркиб билан барча ўйинларни муваффақиятли ўтказишни, клуб раҳбарияти ва футболчиларга асосий вазифа Суперлига йўлланмасини қўлга киритиш кераклигини, бунинг учун барча шароитлар яратилишини таъкидлади.
Шундан сўнг Вадим Абрамов клуб бош мураббийи сифатида Пролигада ҳам жамоани бошқариши маълум қилиниб, жамоанинг янги таркиби, мураббийлар штаби оммага таништирилди ва футболчиларга либослари топширилди.
- Мавсумга кўнгилдагидек тайёргарлик кўрдик, - деди клуб бош мураббийи Вадим Абрамов. - Жамоага иқтидорли маҳаллий ва легионер футболчилар жалб қилинди. Ўртоқлик учрашувларининг аксариятида ғалаба қозондик ва футболчиларимиз майдонда юқори темпда ўйнади. Олдимиздаги мақсад битта - фақат ғалаба ва Суперлигага чиқиш.
“Динамо” жамоаси Пролиганинг 1-тури доирасида эртага, 16 март куни Муборакда “Машъал” меҳмони бўлади.
Фазлиддин Рўзибоев.