"Динамо" майдони футбол учрашувларини қабул қилиш учун тайёр экани айтилди
ПФЛ хабарига кўра, «Динамо» стадиони тест тариқасида Суперлиганинг 1 та учрашувини қабул қилади. Чим, унинг остидаги дренаж ва суғориш тизимлари билан боғлиқ муаммо бартараф этилган бўлиб, эндиликда уни амалда синаб кўриш лозим.
Аввалроқ "Динамо" Суперлига учрашувларидан бирини ўтказиш таклифи билан чиққан бўлиб, Лига ўрганишлар хулосаси асосида қатор камчиликларни аниқлаган ҳамда таклиф рад этилганди. Шундан кейин айрим масалаларда ижобий ўзгаришлар юз берди. Мана шу жиҳатни инобатга олиб, Суперлига 12-туридан ўрин олган "Динамо" — "Андижон" учрашувини Самарқанд шаҳрида ўтказиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
20-21 июнь кунлари Лига мутахассислари Самарқанд шаҳрида бўлади ва стадионни тўлиқ қайта кўздан кечиради. Майдоннинг қанчалик тайёр эканлиги ва унинг келгуси парвариши борасидаги режалар "Андижон" жамоаси билан ўйиндан кейин яна бир карра аниқлаштириб олинади. Стадионнинг техник ҳудуди билан боғлиқ қолган масалалар юзасидан эса Лига вилоят ҳокимлиги ҳамда "Динамо" футбол клуби ўртасида қўшимча келишув имзолайди. Унда қайд этилган масалалар жорий йилнинг 20 июль санасига қадар бартараф этилган тақдирдагина "Динамо" 2-давра беллашувларини тўлиқ Самарқанд шаҳрида ўтказиши мумкин бўлади.
Шундан келиб чиқиб, Суперлига 12-туридан ўрин олган "Динамо" — "Андижон" жамоалари учрашуви 22 июнь куни тест тариқасида Самарқанд шаҳрида ўтказилади. "Динамо" стадиони билан боғлиқ келгуси режаларга роппа-роса бир ойдан кейин аниқлик киритилади.