"Динамо" назорат баҳсида "Бунёдкор"ни енгди
Янги мавсумда ўз олдига Суперлигага чиқишни мақсад қилган “Динамо” жамоаси Тошкентда бошлаган 4-йиғини доирасида “Бунёдкор” жамоасига қарши назорат баҳсида майдонга тушди.
“Бунёдкор” футбол академияси ўйингоҳида кечган учрашувда “Динамо” бош мураббийи Д.Файзиев бир қатор футболчиларни синовдан ўтказди. Учрашувни ҳужумкор бошлаган мезбонлар 8-дақиқада В.Нуриевнинг голи эвазига ҳисобни очди - 1:0.
Бу голдан кейин ҳужумкорликни оширган самарқандликлар 15-дақиқага келиб ҳисобни тенглаштиришди. “Бухоро”дан “Динамо”га келиб қўшилган Н.Умуров ўз голи билан мувозанатни тиклади - 1:1.
Иккинчи бўлимда захирадан майдонга туширилган футболчилар “Динамо”нинг ғалабасини таъминлашди. 72-дақиқада тажрибали яримҳимоячи Д.Каримовнинг йўллаган зарбаси ҳисобни 1:2 кўринишга олиб келди.
“Динамо” навбатдаги ўртоқлик учрашувини эртага - 10 февралда Қозоғистоннинг “Қирон” жамоасига, 12 февралда эса “Бухоро”га қарши ўтказади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.