Дональд Декер - ёмғир одами
Декерлар оиласи АҚШнинг Пенсильвания штатидаги Страсбург шаҳрида яшаган. Бу воқеа 1983 йилда айнан ўша ерда содир бўлган.
Дональд исмли бола онаси билан бирга яшар, отаси уларни ташлаб кетгач, бобосининг уйида яшай бошладилар. Доннинг бобоси оғир феъл-атворли одам эди. Унинг ёвуз руҳлар билан “суҳбатлашиши” ҳақида ҳам ҳар хил гаплар юрарди.
Ёш Дональд кўп вақтини дўстлари билан ўтказарди. Кўчада санғиб юриши яхши оқибатларга олиб келмади. У майда ўғирлик учун қисқа муддатга қамалди.
Шу орада бобоси вафот этди ва у билан видолашиш учун Донга бир неча кун уйига жавоб беришди. Қабристондаги маросим пайтида Дон ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва у ерни тарк этишга мажбур бўлди.
У дўстлари Женни ва Боб Кейфилдларнинг уйига борди. Боб бир шиша виски чиқариб, одатга кўра бобосини эслашни таклиф қилди, Женни эса унинг бобоси тўғрисида сўз айтди.
Шу пайт Донни қалтироқ боса бошлади. У асабларнинг кучли қўзғалиши туфайли ҳушидан кетди. Шунда тўсатдан совуқ тушди ва… шифтдан сув оқа бошлади.
Боб том устига чиқди, у ер қуруқ эди. Том билан шифтнинг оралиғидан сув қувурлари ҳам ўтказилмаган эди. Уй бир қаватли бўлгани учун юқоридан қўшнилар сув тошириши тахмини ўз-ўзидан йўқолди.
Саросимага тушган Кейфилд полицияни чақирди. Етиб келган патруль уйдан чиқиб кетишни таклиф қилди, Боб билан Женни ҳушига келган Донни олиб, уйи яқинида жойлашган қаҳвахонага боришди. Қаҳвахонада ҳаммаси такрорланди. Шифтдан сув қуйилди. Боб вазиятни қаҳвахона эгасига тушунтирди. Улар бу жойдан чиққанданоқ ёмғир тўхтади.
Эртаси куни черковдан руҳоний таклиф қилинди. Ўқиш пайтида Голливуд фильмларига ўхшаш мебель парвози ва бошқа кўплаб саҳналар «намойиши» бўлди, шундан сўнг Дональд енгил тортди.
Қамоққа қайтиб келган Доннинг саргузаштлари тўғрисида билиб қолган кишилари бу воқеа қандай бўлиб ўтганлиги ҳақида сўрашди ва уларга ҳам «фокус» кўрсатишини илтимос қилишди. Дон уларнинг устига ҳам ёмғир ёғдирди. Муассаса раҳбарияти руҳоний чақиришга мажбур бўлди. Шундан сўнг «мўъжизалар» тўхтади.
Дональд қамоқдан чиқди ва бир муддат ресторанда ошпаз бўлиб ишлади. Кейин унинг излари йўқолди. Ҳозиргача унинг кейинги ҳаёти ва унга ўхшаш мўъжизалар такрорланганми ёки йўқми номаълум.
Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.