Доно аёлнинг қарори

Қадимда бир қавм бўлган экан. У қавм учун кўчманчи бўлиб яшаш одат эди. Шу қавм орасидаги бир кишининг кекса онаси бўлиб, она ора-сира хотирасини йўқотар ва фарзандига қаттиқ ёпишиб олар, ундан айрилгиси келмасди.

Унинг бу қилиқлари ўғлига малол келар, асабларини ўйнатар, аҳоли орасида гўё шу сабаб обрўси тушаётгандек сезар эди ўзини.

Кунларнинг бирида улар яна одатларига кўра бошқа яйловга кўчмоқчи бўлишди.

У аёлига:

- Эй хотин, эртага кўчяпмиз, маълумки онам касал. Уни ташқарида қолдир. Биров кўриб қолса, раҳми келиб олиб кетар. Ёшиям катта. Ундан чарчадик. Унга бироз егулик ва ичимлик бер. Ким кўриб қолса, ўзи билан олиб кетар. Ёки ажали етса, ўлар, -дебди.

Аёли:

- Хўп бўлади, хожам. Хотиржам бўлинг! Айтганингизни аъло даражада бажараман, - дебди.

Эртанги кун келди. Ҳамма кўч-кўронини йиғди. Аёл эри айтгандек, қайнонасига бироз озиқ-овқат, ичимлик сувини қолдирди. 

Ҳаммалари жўнаб кетишди.

Улар куннинг ярмида дам олиш учун тўхташди.

Онасини қолдирган киши, аёлидан ўғлини келтиришини сўради. Унинг якка -ю ёлғиз, бир ёшли ўғли бор эди. Уни жудаям яхши кўрар, суюб эркалатар эди.

 Аёли унинг сўроғига индамади.

- Ўғлим қани, хотин, келтир дедим, сенга, - деди.

Аёли:

- Уни онангиз билан қолдирдим, бизга унинг кераги йўқ, - деди.

Бу гапларни эшитган эр дод деб юборди:

- Нима учун.?

Аёли:

- Чунки у ҳам ҳадемай улғаяди. Онангизни саҳрода қолдирганингиз каби сизни ташлаб кетади, ишингизни қайтаради, бундай боланинг кераги йўқ, -деди хотиржам.

Бу гаплар унга чақмоқ чаққандек таъсир қилди. Отини юганлаб чопиб кетди. Кўчган жойларига етиб келди.

Одатда аҳоли кўчса, улардан қолган-қутган нарсалар орасидан егулик излаб ёввойи, ваҳший ҳайвонлар келар эди.  Қараса, онаси унинг боласини кўксига маҳкам босиб олган, унинг атрофида ҳужумга шай турган бўрилар бор эди.

Она:

- Йўқолларинг, бу менинг ўғлимнинг жигарбанди, - деб уларга тошлар улоқтирарди.

Киши милтиғини олиб бўрилардан бирини отди. Қолганлари қўрқиб қочишди. У отидан тушиб онасини бағрига олди. Юз кўзларидан тинмай ўпиб йиғлар:

- Онажоним, мени кечиринг, - дер эди. 

Уларни отга миндириб қавми томон қайтди.

Шундан кейин онасига мисли кўринмаган даражада меҳрибон бўлди.

Аллоҳ унга доно аёли тақдир қилганидан мумнун эди. Энди у бошқа жойга кўчмоқчи бўлса, аввало, онасини туяга миндирар, умрининг сўнгига қадар хизмат қилишга бел боғлаган эди.