“Дориан” тўфони қурбонлари сони тўрт баробар ошди
“Дориан” тўфони оқибатида Багама оролларида камида 20 нафар одам ҳалок бўлди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Дюэйн Сэндс хабар берди. Унинг сўзларини Miami Herald нашри келтирди.
Таъкидланишича, қурбонлар сони вайроналарни йиғиштириш чоғида аниқланган.
Дастлаб Багама ороллари Бош вазири Хьюберт Миннис беш нафар қурбонлар ҳақида хабар берган эди. Шунингдек, у соҳил қўриқлаш хизмати Абакода бир нечта оғир жароҳатланганларни қутқаришга муваффақ бўлганини ва улар касалхонага юборилганини айтган эди.
АҚШнинг тўфонларни кузатиш бўйича миллий маркази маълумотига кўра, тўфон марказидаги шамол кучи соатига 230 километрни ташкил қилди. Ороллар аҳолиси тўфон тўхтамагунча бошпаналаридан чиқмасликка чақирилмоқда.
“Дориан” билан таққосланадиган тўфон Багама оролларида 1992 йилдан бери содир бўлмаган эди. Табиий офатдан тахминан 25 – 40 млрд. АҚШ доллари қийматида зарар кўрилди. Тўфон олдидан Жанубий Каролина, Жоржия ва Флорида штатлари раҳбарлари томонидан бир миллиондан ортиқ одамни эвакуация қилиниши ҳақида эълон қилинди.