Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Япония жануби-ғарбида 2,5 миллионга яқин одам эвакуация қилинди

Япониянинг жануби-ғарбий қисмида ўта кучли “Нанмадол” тўфони яқинлашаётгани сабабли 2,5 миллионга яқин аҳоли эвакуация қилинишига буйруқ берилди, деб хабар бермоқда NHK.

Эвакуация бешта мумкин бўлган таҳдид даражасининг тўртинчиси бўлиб, Кюшу оролидаги Кагосима префектурасининг Изуми ва Нисиноомотэ шаҳарларида яшовчи 68 мингга яқин аҳоли учун бундай хавф даражаси эълон қилинган.

Ўтган тунда Япония бош метеорология агентлиги Микронезия маданияти ёдгорлиги – Нан Мадол мажмуаси номини олган “Нанмадол” тўфони ўтиши муносабати билан Кагосима префектураси аҳолисини бўронли шамоллар, баланд тўлқинлар ва бўрон кўтарилиши хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Айни дамда тўфон Кюсю шаҳридан жанубда ва шимоли-ғарбга қараб ҳаракатланмоқда. Унинг марказида шамол тезлиги сониясига 50-70 метргача етади.

Метеорологлар сув тошқинлари ва кўчкиларнинг жиддий хавфи ҳақида огоҳлантирмоқда.

Тўфон муносабати билан циклон ҳудудларида 510 та рейс бекор қилинди, ороллар орасидаги паром қатнови, шунингдек, айрим участкаларда тезюрар поездлар ҳаракати тўхтатилди.

Бундан ташқари, аллақачон электр таъминотида узилишлар мавжуд. Хусусан, циклон ҳудудидаги 22 мингдан ортиқ уй электр таъминотисиз қолган.