Япон ўқитувчисининг шогирдларига сўнгги топшириғи

Ижтимоий тармоқда бир япон ўқитувчиси ҳақида пост кўриб қолдим. Айтилишича, оғир касалга чалинган бир япон ўқитувчиси ўлими яқинлигини сезиб сўнгги марта мактабга келиб доскага шундай сўзларни ёзиб кeтибди: 

“Бу сизларга охирги гапим! Сизларга берган охирги уйга вазифани топшириш муддати йўқ! Вазифа шу — барчангиз бахтли бўлинг!

Сиз уйга вазифани топширишга тайёр бўлганингизда, мен жаннатда бўлсам керак деб умид қиламан! Шошилмасдан уйга вазифани бажаринг ва хаёлан менга юзланиб: "Устоз, мен уйга вазифани бажардим" десангиз, хурсанд бўламан! Кутаман!”

Бу устознинг донолиги шундаки, топшириқни бажариш — бахтли бўлиш учун айрим нарсаларга амал қилиш жуда ҳам керак: Илм ё касб ўрганмасангиз — бахтли бўлолмайсиз, китоб ўқимасангиз — нимадир кемтик, яхши турмуш ўртоқ бўлмасангиз — асло бахт эмас. Яхши ота ёки она бўлмасангиз бахтдан умид қилманг, яхши фарзанд бўлмасангиз — бахт ҳақида ўйлаб ҳам ўтирманг. Бировнинг умрини “еб” бахтли бўлолмайсиз, ўғирлик, бахиллик, ҳаромхўрлик ҳеч кимга бахт келтирмаган. Иймон, виждон бутун бўлмаса — бахтга йўл ҳам йўқ...

Хулоса шу — бахтли бўлишга ҳаракат қилинг, кўп нарсадан ютасиз.