Дунё карахт тортиб борар...

Дунё карахт тортиб борар кун сайин,

Одамзоднинг қора, ёвуз ақлидан.

Қачон чиқиб кетди улар сездирмай,

Ҳислар туғён урган кўнгил шаҳридан.

 

Қўрқув ва таҳлика ичида дунё -

Шопиради заиф умид уруғин...

Ва, ғамғин, шикаста чиқади қуёш –

Айлантирмоқ учун қадим урчуғин.

 

Одамзот беркитди ўзин ўзига,

Тўрт томондан келди нохуш хабарлар.

Ўзи ўйлаб топган бедаво дардга,

Даво бўлолмайди зару гавҳарлар.

 

Ягона Ҳакимни унутиб қўйган,

Оломон чайқалар минг хил ва минг тус.

Ақл Фиръавннинг устидан кулиб,

Дунёни забт этар кушанда вирус.

 

Эй одамзод қайтгин, кўнглингга қайтгин,0

Токи, учсин қўрқув, таҳлика уни.

Ёдингдан чиқариб қўйдингми ёки –

Жаннат боғларидан ҳайдалган кунни.

Исмат КЎЧИЕВ.