Дунёда гиёҳванд моддалар бизнесининг фаоллашуви кузатилмоқда
26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни
Гиёҳванд моддалар инсон айни куч-қувватга тўлган даврида алкоголга нисбатан 4,6 баробар тезроқ ҳалокатга учратади. БМТ Бош Ассамблеясининг 1987 йил 7 декабрдаги қарорига асосан 26 июнь “Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни” деб эълон қилинган. Шунингдек, БМТ томонидан наркотик моддалар тўғрисидаги, психотроп моддалар ҳамда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш тўғрисидаги конвенциялар қабул қилинган. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасининг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисидаги қонуни мавжуд.
Гиёҳвандлик ўта жиддий муаммолардан бири бўлиб, узлуксиз ривожланиш мақсадлари доирасидаги амалиётларнинг бажарилишига ҳам, тинчлик-тотувлик, хавфсизлик ва инсон ҳуқуқлари борасидаги хатти-ҳаракатлар муваффақиятига ҳам тўсқинлик қилмоқда. Гиёҳвандлик билан касалланиш, аввало, жамиятнинг тинчлиги, ижтимоий-иқтисодий ҳолати аҳоли саломатлигига, насл-насабига ва таълим-тарбиясига раҳна солади ҳамда ёш авлоднинг жисмоний, руҳий ва маънавий таназзулга учрашига олиб келиши мумкин. Ҳозирги кунда нафақат гиёҳвандлар сонининг ошиши, балки гиёҳванд моддалар бизнесининг фаоллашуви, халқаролашуви кучаймоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича бошқармасининг маълумотларига кўра, гиёҳвандлик аҳоли ўртасида жисмоний касалликлар, руҳий-неврологик, орттирилган иммунитет инфекцияси, В, С, D, F гепатитлари, тери-таносил касалликлари каби ёндош касалликларнинг кескин ўсишига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон аҳолисининг 60 фоиздан кўпроқ қисми 30 ёшдан кичик фуқаролардир. Шунинг учун, Ўзбекистон самарали олди сотди қилиш сифатида ҳам, ўзининг географик жойлашувига кўра йирик бозорларга йўл сифатида ҳам халқаро гиёҳванд бизнес вакилларининг эътиборини тортиши табиий ҳолатдир. Хусусан, Самарқанд вилоятининг географик ўрни, ривожланган транспорт инфратузилмаси, қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларининг рельефи, ҳудудда яшовчи аҳолининг қўшни давлат аҳолиси билан кўплаб тизимлар орқали боғланганлиги, ўзаро алоқаларнинг тобора кенгайиб бораётганлиги гиёҳванд моддалар кириб келишига, ноқонуний айланиши учун қулайлик туғдириши эҳтимоли катта.
Марказимиз томонидан нафақат сана арафасида, балки йил давомида ёшларнинг гиёҳвандликка ружу қўйишининг олдини олиш бўйича профилактик тадбирлар олиб борилади. Хусусан, вилоятдаги барча олий таълим муассасаларида режага кўра ёшлар билан учрашувлар ўтказилди, уларга гиёҳванд моддалар зарари бўйича видеофильмлар намойиш этилди. Пайариқ туманида ҳамкор ташкилотлар билан оммавий юриш марафони ўтказилди.
Самарқанд шаҳридаги барча маҳаллаларда кенг қамровли учрашувлар, диспансер назоратидаги беморлар билан профилактик тадбирлар ўтказилди.
Наргиза КЕНЖАЕВА, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази вилоят минтақавий филиали раҳбари.
Санжар БОЙМИРОВ, марказ шифокори.