Дунёдаги энг ноодатий мактаблар
Сир эмас, турли мамлакатларда таълим бериш жараёни турлича. Аммо шундай мактаблар ҳам борки, улардаги ноодатий ҳолатлар кишини ҳайратлантиради. Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.
Камбожадаги сув устидаги мактаб
Бу мактаб ўзининг ноёб дастури ёки таълим сифати билан эмас, балки жойлашуви билан ҳайратлантиради. Камбожадаги Тонлесап кўлида бутун бир сузувчи қишлоқ бор. Унда турар-жой бинолари, дўконлар ва мактаб мавжуд. Болалар мактабга фақат қайиқда келишади ва ҳамма жойда бўлгани каби, дарслар эрталаб соат 8 да бошланади.
Ташкилотчиларнинг бундай иш тутишининг сабаби бошқалардан ажралиб туриш учун эмас, балки ноиложликдан зарур чора сифатида пайдо бўлган. Негаки, мамлакат аҳолисининг турмуш даражаси жуда паст.
Деворсиз мактаб, Дания
Ушбу гимназия 2005 йилда очилган ва ўзининг инновациялари билан машҳур. Бу ерда китоб ёки дафтар йўқ, жараёнлар технологик равишда юритилади. Шунингдек, у ички тузилиши билан ҳам ҳайратланарли. Сферасимон бинода девор йўқ, унинг ўрнига шишадан қилинган парда деворлар билан бўлинган деярли битта хона мавжуд. Мактаб ўқувчилари ёстиқлар устида ўтиришади, ҳеч кимнинг, ҳатто директорнинг ҳам алоҳида кабинети йўқ.
Ўқитувчилар бошқаларни безовта қилмасдан, қизиқтириш, маълумот етказиш ва ўқитиш усулларини ўйлаб топишлари керак. Худди шу талаблар ўқувчилар учун ҳам қўлланилади - улар доимо ҳамманинг кўз ўнгида, тўлиқ шаффоф ҳолда. Ушбу ноодатий ечим ажойиб натижалар берди.
Саргузаштлар мактаби – Колорадо (АҚШ)
Бу жой ноодатий таълим тизими ёндашуви билан ҳайратланарли. Бу ерда "Зерикишга йўл йўқ!” - деб қарор қилинган. Назария тўхтатилиб, фақат амалий билим ва кўникмалар қолдирилган. Дарслар очиқ ҳавода ўтказилади; биология дарсида қўзиқорин териш учун ўрмонга борилади, география дарси - тоғларда сайр қилиш кераклигини англатади, жисмоний тарбия дарсида зерикарли машқлардан воз кечилган ва болалар фрисби ўйнайди.
Интизомсиз мактаб, Канада
Бу муассаса интизомли одамлар учун даҳшатли туш ва бепарволар учун ҳақиқий жаннат! Мактабда дарс жадвали, форма ёки уй вазифаси йўқ.
Асосий қоида – қоидаларнинг йўқлиги!
Барча масалалар умумий йиғилишларда ҳал қилинади, унда ҳар бир талаба ўз таклифини бериши мумкин. Асосийси, ҳар қандай вазиятда умумий ечим топиш. Болалар бугун қайси дарсларга боришни ўзлари ҳал қилишади.
Ҳиндистондаги кўприк остидаги мактаб
Мактабда иккита ўқитувчига 200 нафарга яқин ўқувчи тўғри келади. Метро кўприги остида жойлашган “мактаб” эшик ва деворсиз. У аҳолининг энг камбағал қатлами ўз фарзандларини ўқитиши учун хайрия маблағлари ҳисобидан ташкил этилган. Ҳар қандай эътирозлар бўлмаслиги учун ўқитувчилар фақат озиқ-овқат, кийим-кечак, китоблар ва иш юритиш буюмларини хайр-эҳсон сифатида қабул қилишади.
Бу ер гўё ҳаётдан нолишни яхши кўрадиганлар кўриб, билиши учун яратилгандек. Афсуски, Ҳиндистонда ҳали ҳам табақалар кенг тарқалган бўлиб, уларнинг энг қуйи қисмидаги болалар ҳаётдан умуман ҳеч нарсага умид қилмасдан яшайди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.