Дунёдаги яшаш энг қиммат ва энг арзон шаҳарлар эълон қилинди. Рўйхатда Тошкент ҳам бор
Британиянинг The Economist журнали томонидан тузилган дунёнинг энг қиммат шаҳарлари рейтингида Тель-Авив биринчи ўринни эгаллади.
Иккинчи ўринда Париж, ундан кейин Сингапур жойлашган. Рўйхатнинг тўртинчи ва бешинчи ўринларини мос равишда Цюрих ва Гонконг эгаллади.
Дунёнинг энг қиммат шаҳарлари 10 талигига Нью-Йорк, Женева, Копенгаген, Лос-Анжелес ва Осака ҳам киради.
Ҳисоботнинг очиқ қисмида ўтган йил давомида рейтингда энг юқори поғонага кўтарилган шаҳарлар ҳам санаб ўтилган. Хусусан, ушбу маълумотларга кўра, Теҳрон 79-ўриндан 29-ўринга кўтарилган. Теҳронда яшаш нархининг ошиши “таъминот билан боғлиқ қийинчиликлар, товарлар танқислиги ва АҚШ санкциялари қайтарилганидан кейин импорт нархларининг ошиши” билан изоҳланади. Киев бир йил ичида 101-ўриндан 88-ўринга, Москва - 106-ўриндан 96-ўринга кўтарилди.
Рейтингга кўра, Тошкент, Дамашқ, Триполи, Тунис ва Олмаота яшаш учун дунёдаги энг арзон шаҳарлар деб топилган.
EIU йилига икки марта дунёнинг 173 та шаҳридаги яшаш қиймати индексларини ҳисоблайди. Бунда мутахассислар озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой ижараси каби юзлаб товар ва хизмат турлари нархларини кўриб чиқади.