“E-qaror” электрон тизимининг афзаллиги нимада?
Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари ва фармойишларини қабул қилиш (чиқариш) муддатлари қисқарганлиги, уларни ишлаб чиқишда инсон омили ва аралашуви камайганлиги, шунингдек, қарорлар ва фармойишлар билан аҳоли доимий равишда танишиш ҳамда ҳудудий адлия органлари уларни мониторинг этиб бориш имконияти яратилганлиги сабабли 2021 йил 1 июлдан бошлаб “E-qaror” электрон тизими жорий этилди.
Бугунги кунга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан “E-qaror” электрон тизими орқали жами 291 003 та ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, шундан 167 266 та ҳоким қарори, 65 883 та ҳоким фармойиши ҳамда 57 854 та Кенгаш қарорлари қабул қилинган.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятида “E-qaror” электрон тизими жорий этилишининг бир қанча афзалликлари бор.
Биринчидан, қонунийлик ва қонун устуворлиги таъминланмоқда, қабул қилинган ҳоким қарорларини ноқонуний ўзгартириб қўйиш ёки қалбакилаштириш имконияти барҳам берилди, ҳоким қарор лойиҳасини ишлаб чиқишдан бошлаб қабул қилишгача бўлган барча жараёнлар адлия органлари томонидан мониторинг қилиб бориш имконияти яратилди.
Иккинчидан, ҳокимлар фаолиятида шаффофлик кучайтирилди, “E-qaror” электрон тизими орқали қабул қилинган ҳар бир қарорга “e-qaror.gov.uz” сайтида такрорланмайдиган махсус рақам берилади ва автоматик тарзда эълон қилинади.
Учинчидан, соҳага ахборот-коммуникация технологиялар жорий этилди, ҳокимлар томонидан қабул қилинадиган қарорларни келиши, рўйхатга олиш ва уларга такрорланмайдиган махсус рақам бериш жараёнлари электрон тарзда амалга оширилиши меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади.
Тўртинчидан, фуқароларнинг жамоатчилик назоратидаги ўрни ва роли ошади, фуқароларнинг маҳаллий норма ижодкорлиги жараёнида фаол иштироки таъминланади, хокимликлар томонидан фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари поймол қилинишига чек қўйилади, ҳокимлик томонидан коррупция бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилиши учун шароит яратадиган қоидалар ва нормалар ўрнатилишининг олди олинади.
Элбек Олимов,
Самарқанд вилояти адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси.