Эҳтиёжманд оилаларга кўмак беришда янгича ёндашув

Пахтачи туманида 2 минг 766 камбағал оила рўйхати шакллантирилган бўлиб, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида тумандаги 3 та тижорат банк филиаллари томонидан “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича 20 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағи ажратилиши режалаштирилган. Шу пайтга қадар 8 миллиард 357 миллион сўм миқдорида кредитлар расмийлаштирилди.

Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 122 оилага 427,6 миллион сўм миқдорида субсидиялар берилди.

Шунингдек, туманда 3 та ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилиб, камбағал деб топилган 111 оилага 26 гектардан зиёд ер бўлиб берилди. 

«Тинчлик»да тикувчилар товуқ ҳам боқади

Туманнинг «Тинчлик» маҳалласидаги бир оиланинг 4 нафар аъзоси ишсиз эди. Улар яқинда имтиёзли кредит эвазига 100 бош товуқ ва 2 та тикув машинаси харид қилишди. Энди бу хонадонда қўлидан иш келадиган одам борки, бекорчи эмас.

- Маҳалламизда 425 хонадон мавжуд, - дейди маҳалла раиси Назира Аҳмедова. – Улар орасидан 45 таси камбағал оилалар рўйхатига киритилган бўлиб, 25 оилага 2 минг 500 дан зиёд товуқ, 9 хонадонга эса 15 та тикув машинаси имтиёзли кредит асосида олиб берилди. Шу йилнинг охиригача маҳалламизда камбағал оила қолмайди, деб умид қиламиз. 

Маҳалла фаоллари шу қишлоқдаги яна бир хонадонга 200 бош товуқ олишга кўмаклашди. 

- 10 миллион 200 минг сўм миқдорида 3 йиллик имтиёзли кредит эвазига келтирилган бу товуқлар яна уч-тўрт кундан сўнг 200 тага яқин тухум бера бошлайди, - дейди хонадон келини Маҳлиё Хайруллаева. – Бу, албатта, рўзғоримиз учун катта ёрдам. Ҳеч қаерда ишламасдим, мана ишли ҳам бўлдим. Таъминотчилар бу товуқларни қандай парваришлашни ўргатиб, керакли озуқаларини етказиб бермоқда.

Аҳамиятлиси, одамлар кредит расмийлаштириш учун туман марказига бориб, сарсон бўлгани йўқ. Банк ходимлари маҳаллага келиб кредитларни расмийлаштирмоқда. Тикув машинаси бўладими, товуқ ёки унинг озуқасими таъминотчилар томонидан хонадонларга етказиб берилмоқда.

- Банкимизга тумандаги 18 маҳалла бириктирилган, - дейди Халқ банки туман филиали бош мутахассиси Азиз Бозоров. – Шу йил ушбу маҳаллалардаги оилаларга банкимиз томонидан “Ҳар бир оила - тадбиркор” дастури бўйича 3 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилиши режалаштирилган бўлиб, шу пайтга қадар 2 миллиард 300 миллион сўмлик кредит расмийлаштирилди. 

Ер эгасини топди

Тумандаги Сардоба маҳалласи ҳудудида қарийб 12 гектарлик майдонда сувсизликдан қуриб бораётган боғ бор эди. Бу боғнинг 5 сотих жойида саноқлигина ўрик ва ёнғоқ дарахтлари қолган бўлиб, бошқалари аллақачон ўтин бўлиб ёниб кул бўлган. Кўп йиллар чим босиб ётган жойдан сув муаммоси баҳона ҳеч ким унумли фойдаланмади. Бу ер майдони яқинда эгасини топди. Ўтган ой ташкил этилган “Азизбек Аббос агротоморқа” ишлаб чиқариш кооперативига берилган ер бугун чимлардан тозаланиб, экин майдонига айлантирилмоқда. Сув муаммоси ҳам бартараф этилган. 

- Президентимиз қарорига асосан аҳолини камбағалликдан чиқаришга ҳисса қўшиш мақсадида кооператив ташкил қилдик, - дейди тадбиркор Ғолиб Сафаров. – Бунинг учун бизга 11 гектар 76 сотих ер майдони ажратилди. Ернинг 10 гектарини кам таъминланган 50 оилага бўлиб бердик. Ҳозир мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш учун сув чиқариб, ерни экишга тайёрлаш ишларини бошлаб юбордик. Лойиҳани амалга ошириш учун ўз ҳисобимдан 400 миллион сўм ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳисобидан 111 миллион 500 минг сўм миқдорида субсидия маблағи йўналтирилди. 

- Мактабни битирганимдан бери ишсиз эдим, - дейди шу маҳаллада яшовчи Қосим Файзуллаев. – Яшаш жойимиздан узоқ бўлмаган ҳудудда кооператив ташкил қилиниб, менга ҳам 20 сотих ер берилди. Энди оиламиз билан шу ерда меҳнат қилиб, рўзғор тебратишимиз мумкин. Бизга ажратилган ер майдонига сабзи экяпмиз. Кейин тўқсонбости экинлар экамиз. Хуллас, бир йил ичида 30 миллион сўм даромад қилишни ният қилиб турибмиз.