Энди ундирувчи алимент қарзи учун овора бўлмаслиги айтилмоқда

Бу масала белгиланган тартибда махсус жамғарма маблағлари ҳисобидан қопланади.

Жорий йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, Мажбурий ижро бюросининг “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилди. Ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 3 августдаги қарори қабул қилиниб, “Алимент тўловлари жамҚармаси тўғрисида” низом тасдиқланган.

Жамоатчилик ўртасида “Энди алимент қарздорликлар давлат томонидан тўлаб берилиши керак, лекин ижрочилар пайсалга солмоқда” каби фикрлар пайдо бўлмоқда. Хўш, аслида амалиётнинг тартиби-талаблари қандай, у қай тарзда татбиқ этилмоқда?

Мажбурий ижро бюронинг вилоят бошқармаси суриштирувчиси Азамат Миршаев шу ҳақда сўз юритади:

Жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилади.

Бунда қарздорликни қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

Эндиликда ушбу қарорга мувофиқ, ўз мажбуриятларини бажаришдан қасддан бўйин товлаган ва бу қилмишлари учун жиноий жавобгарликка тортилган қарздорларнинг алимент бўйича қарздорликлари “Алимент тўловлари” жамғармасидан қоплаб берилади.

Мисол учун, фуқаролик ишлари бўйича Жомбой туманлараро судининг 2014 йил 24 мартдаги ижро ҳужжатига асосан, қарздор М.Л.дан ундирувчи И.Л. фойдасига икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисм миқдорида алимент ундириш белгиланган. Бироқ қарздор бир неча маротаба огоҳлантирилганлиги ва маъмурий жазога тортилганидан тўғри хулоса чиқармасдан, икки ойдан ортиқ муддат давомида алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келган. Шу сабабли унга нисбатан Жиноят кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судида мазмунан кўриб чиқилган иш бўйича қарздор М.Л. бир йил муддатга озодликдан маҳрум этилган ва ундан ундирувчи И.Л. фойдасига 26 миллион 137 минг сўм миқдорда зарар ундириш тўғрисида қарор чиқарилган.

Мазкур ижро ҳужжатига асосан, “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 26 миллион 137 минг сўм миқдорда пуллар ундирувчи номига очилган банк пластик картасига кўчириб берилди.

Умуман, Мажбурий ижро бюросининг вилоят бошқармаси ва барча шаҳар-туман бўлимлари томонидан алимент мажбуриятларини ўз вақтида бажармаган қарздорларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик масалаларини ҳал этиш, аввал жиноий жавобгарликка тортилган шахслар бўйича судлар томонидан белгиланган қарз суммаларини қоплаб бериш чоралари кўрилмоқда.

Хусусан, ўтган вақт ичида вилоят бўйича 2017-2022 йилдан алиментдан бўйин товлаб жиноий жазога тортилган 363 нафар шахсдан 169 нафарининг ундирувчиларига 1 миллиард 551 миллион сўм маблағ ажратилиши бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган. Бугунги кунга қадар 7 нафар ундирувчига 85,5 миллион сўм қарздорлиги жамғарма маблағлари ҳисобидан тўлаб берилди.

Эслатиб ўтамиз, алимент қарздорлиги жамғарма маблағидан ундирувчига тўлаб берилгани, қарздор зиммасидан бу масала буткул олиб ташланганини билдирмайди. Яъни, жамғарма ҳисобидан алимент учун қоплаб берилган маблағларни жамғармага қайтариш бўйича қонунчиликда белгиланган тартибда ижро ҳаракатлари амалга оширилади. Агар қарздор қамоқда ва ишлаётган бўлса, унинг иш ҳақи бўйича жазони ижро этиш муассасасига давлат ижрочиси томонидан талабнома юборилади.