Энди Ургут туманида ҳам гемодиализга муҳтожларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилади

Ургут туманида гемодиализ бўлими ташкил этилди. Салкам 3 миллиард сўм маблағ ҳисобига ташкил этилган мазкур тиббий марказ биносини таъмирлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан  1,2 миллиард сўм маблағ ажратилиб тўлиқ реконструкция ишлари бажарилди.

-  Буйрак етишмовчилиги хасталиги билан яшаётган беморлар ҳар уч кунда, баъзилари эса ҳар куни ёки ҳафтада бир марта гемодиализ муолажаларини олиши кераклигини кўпчилик яхши билади, - дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиязов. - Ачинарлиси, узоқ туманларида яшовчи ушбу хасталикка чалинганлар муолажа олиш учун вилоят марказларига келишига тўғри келарди. Ўтган йили COVID-19 инфекцияси тарқалиши сабабли вилоятимизда карантин қоидалари кучайтирилган пайтда бу хасталикка чалинган беморлар тиббий муолажа олишларида бир қанча қийинчиликлар бўлди.

Шу сабаб, вилоят марказидан узоқ туманларда яшовчи муҳтож беморлар ушбу муолажаларни худди вилоят марказидаги каби шароитда олишлари учун туманлар кесимида ҳудудий сунъий буйрак (гемодиализ) бўлимларини ташкил этиш режалаштирилган эди. Олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида 2020 йилда Каттақўрғон шаҳрида ҳудудий гемодиализ бўлими ишга туширилди ва ҳозирда Каттақўрғон шаҳри ҳамда Пахтачи, Нарпай, Каттақўрғон ва Иштихон туманларида яшовчи беморлар бу хизматдан фойдаланиб келмоқда.

Ургутда гемодиализ бўлими ташкил этилгани боис Самарқанд шаҳридаги марказларга тез-тез келишга мажбур бўлган, тумандаги 50 нафар буйрак етишмовчилиги билан назоратда турувчи беморлар шу ернинг ўзида доимий равишда муолажа олишлари мумкин.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.