Ер тубида 110 метр, лекин сиз ҳатто аксирмайсиз
Эскалаторда денгиз сатҳидан 110 метр пастга, Ернинг марказига саёҳат қилиш мумкинлигини билармидингиз? Бу ҳазил эмас: “Кимчхэк” номли дунёдаги энг чуқур метро бекати Россия ёки Хитойда эмас, балки Пхеньянда "яширинган".
Шимолий Корея пойтахти тепага қараб эмас, балки чуқур қазиб “ўсмоқда”: 110 метрлик “васваса” ортидаги ҳикоя
1973 йилда Пхеньянда биринчи поезд ер остига туширилганда, дунё муҳим мақсадни эътибордан четда қолдирди: аслида бу шунчаки транспорт эмас, балки турникетлар билан жиҳозланган ҳарбий иншоот эди. Пхеньян метроси дастлаб шаҳарнинг бутун аҳолисини жойлаштиришга қодир бомбапаноҳгоҳ тармоғи сифатида ўйлаб топилган. Ҳайратланарли чуқурликда жойлаштирилган туннеллар 100 метрдан бошланиб, “Кимчхэк” станциясида 110 метрга етади. Муҳандислар гумбаз устидаги гранит қатлами қанчалик қалин бўлса, тўғридан-тўғри зарбалардан омон қолиш эҳтимоли шунча юқори бўлади, деган мантиқий фикрни олға сурди. Йўловчиларнинг пастга тушиш учун деярли тўрт дақиқа вақт сарфлаши эса тирик қолиш учун тўланадиган мақбул нарх деб ҳисобланди.
КХДР асосчиси Ким Ир Сен шарафига номланган станция Америкадаги Озодлик ҳайкали баландлигидан (унинг пойдевори билан бирга) каттароқ. Мармар билан қопланган ва доҳийлар суратлари туширилган мозаикалар билан безатилган жой ҳам сарой, ҳам катакомбаларни эслатади. Қизиғи, узоқ вақт давомида чет элликларга бутун ер ости тармоғининг атиги иккита станцияси кўрсатилиб келинади. Эҳтимол, сайёҳлар бункернинг улкан миқёси ҳақида ноқулай саволлар бериши олдини олиш учун “Кимчхэк” туристик маршрутга киритилмаган бўлса ажабмас.

Станция метро тизимидаги ягона рекордчи эмас. Чхоллима линиясидаги 105 метр чуқурликда жойлашган “Пухун” платформаси рекордчидан бор-йўғи беш метрга ортда қолади. Шу билан бирга, “Шон-шараф” деган маънони англатувчи “Ёнгван” бекати ҳам 100 метрли марра атрофида жойлашган. Аниқ рақамлар очиқланмаган бўлиши мумкин, аммо Пхеньяндаги ушбу учлик барибир ҳайратланарли: дунёнинг бошқа ҳеч бир бурчагида бир шаҳарда ер остида 100 метрдан ортиқ чуқурликда жойлашган учта бекатни топиб бўлмайди.
Таққослаш учун: Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги улкан “Адмираллар” (Адмиралтейская) бекати 86 метр, Москвадаги “Ғалаба боғи” (Парк победы) станцияси эса 84 метр чуқурликка тушади. Метро стандартлари бўйича бу жуда катта чуқурлик ҳисобланса-да, улар Пхеньян метросининг чуқурлигига етиб бора олмайди. Кўп қаватли уйнинг саккиз қаватига тенг келадиган 24 метрлик тафовутни инсон қулоқ пардалари яққол ҳис қила олади.
Бетонли тубсизликка тушиб кетаётган йўловчи нимани ҳис қилади?
Эскалатордан пастга тушиш уч ярим-тўрт дақиқа давом этади. Тананинг бу даврда мослашиш учун озгина вақти бўлса-да, дастлабки туйғу самолётда бўлгани каби қулоқлар битиб қолади. Ушбу станцияларга тушган одамлар ўзига хос эскирган ва бироз зах ҳаво, бетон чанги ва машина мойи ҳидини сезади. Шамоллатиш тизими атрофдаги тошлардан чиқадиган табиий иссиқликка бардош бера олмайди, бу эса платформадаги ҳароратни ер юзасидаги ҳароратдан бир неча даражага юқори қилади. Унчалик ноқулай бўлмаса-да, муҳит сизга стандарт шаҳар станцияси залида эмас, балки тоғ ичида эканлигингизни эслатади.
Сайёҳлар “Кимчхэк”ка туша оладими?
Расман йўқ. Чет элликларга фақат “Пухун” ва “Ёнгван” каби кўргазмали бекатларгагина, ўшанда ҳам фақат гид ҳамроҳлигида ташриф буюришга рухсат берилади. Кимчхэк эса бегоналар учун ёпиқлигича қолмоқда ва бу ҳолат унга бўлган қизиқишни янада кучайтиради.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.