Эркинжон Турдимов Ёшлар иттифоқи мурожаатларига эътиборсиз раҳбарларни танқид қилди

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида “Ҳоким ва ёшлар” учрашуви ўтказилди.

 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган тадбирда 500  нафардан ёш тадбиркор ва фермерлар, муддатли ҳарбий хизматдан келган, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган ёшлар, талабалар, ўқувчилар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган йигит-қизлар, спортчилар, фан олимпиадалари ғолиблари иштирок этди.

Учрашув аввалида ёшларнинг жамиятдаги ўрни ва ролини мустаҳкамлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳар томонлама муҳофаза қилиш давлат раҳбари эътиборидаги энг муҳим масалалардан бири эканлигини таъкидлади.

– Ёшларнинг пухта билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун барча шарт-шароитни яратиб қўйсак, уларнинг бандлигини таъминласак, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашсак жамияда учрайдиган кўп муаммоларга ечим топилади, турли хил кўнгилсиз ҳолатлар учрамайди, – деди Э.Турдимов. – Шунинг учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида, кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларида ёшлар бўйича ўринбосар лавозими жорий этилди. Айнан ёшлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган давлат дастурлари қабул қилинди. Аммо, афсуски, ҳали ҳам айрим раҳбарларда, ташкилотларда ёшлар мурожаатларига беписанд қараш, уларга етарли даражада эътибор қаратмаслик ҳолатлари учрамоқда. Бундай шахслар фаолиятига албатта, ҳуқуқий баҳо берилади. Лекин сиз ўзингиз ҳам ана шундай вазиятда уларга қарши ўз муносабатингизни билдиринг, сизни эшитмаётган, мурожаатларингизга эътиборсиз қараётган раҳбарлар ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзинг, ҳақ-ҳуқуқингизни талаб қилинг. Шахсан мен бу борада сизларни қўллаб-қувватлашга тайёрман.

Учрашувга қадар 110 нафар ёшларнинг мурожаатлари рўйхатга олинган бўлса, тадбир чоғида 25 та муаммоли масалалар, таклифлар билдирилди. Ҳар бир мурожаатга шу ернинг ўзида ечим изланди ва мутасаддиларга муддати белгиланган ҳолда топшириқлар берилди.