Европада ҳар 17 сонияда бир киши коронавирусдан вафот этмоқда

Европа минтақасида ҳар 17 сонияда бир киши, ҳар куни ўртача 4,5 минг киши коронавирусдан вафот этмоқда. Бу ҳақда 24 ноябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақаси бўйича директори Ханс Клюге онлайн брифингда маълум қилди.

“Европа минтақасида ҳар 17 сонияда COVID-19 дан бир киши вафот этмоқда. Биз ҳар сафар коронавирус билан боғлиқ нотўғри маълумотлар тарқалишини тўхтатиш тавсияларига амал қилганимизда, инсонларни COVID-19 оқибатида ҳалок бўлишининг олдини олган бўламиз. Айни вақтда Европада ҳар куни ўртача 4,5 минг одам ҳалок бўлмоқда. Агар астойдил ҳаракат қилсак, умумий карантин жорий этилишининг олдини олиш мумкин”, деб таъкидлади Клюге.

Шу билан бирга, у “ҳимоя ниқобларини тақиш тўлиқ ҳимоя эмас”, аммо улар инфекция тарқалишига қарши курашда ўта муҳим аҳамиятга эга ва улар бошқа чоралар билан биргаликда ишлатилиши кераклигини қўшимча қилди.