Европалик олимлар Самарқандга келди

Австрия, Венгрия, Германия ва Италия давлатларидан аграр соҳада фаолият юритувчи олимлар делегацияси Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Хорижлик олимлар Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиалида бўлиб, ўқитувчи ва талабалар билан учрашди.

Ральф Джорж, Георг Лукачсий, Истван Ипач-Сабо аграр соҳада таълим олаётган талабаларни узум кўчатларини етиштиришда Венгрия технологияси, узумзорлар дизайни ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари мониторингининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, агротуризмни ривожлантиришда вино ишлаб чиқарувчиларнинг ўрни юзасидан маъруза ўқиди.

- Аграр соҳада хориж тажрибасини ўрганиш, Ўзбекистон шароитида уни амалиётга жорий этиш долзарб масалалардан бири, - деди филиал директори Шавкат Ҳасанов. – Хорижлик соҳа мутахассислари ўз тажрибасини ўргатиш мақсадида Ўзбекистонга келиб, олий таълим муассасаларида ўқитувчи ва талабалар билан учрашмоқда. Келажакда бизда ҳам хориждагидек “Смарт қишлоқ” лойиҳалари амалиётда қўлланилади. Масалан, тадбиркор технологиялар ёрдамида уйидан туриб ҳам даласини суғора олади.

Президентимизнинг “Узумчиликни ривожлантиришда кластер тизимини жорий этиш, соҳага илғор технологияларни жалб қилишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида юртимизга таклиф этилган меҳмонлар Самарқанднинг тарихий обидаларини ҳам зиёрат қилишди.

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали ахборот хизмати.