Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Янги Ўзбекистоннинг – янги таълим муассасаларидан бири

Янги Ўзбекистон тарихидаги буюк ва шонли сана – Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрамини халқимиз катта шоду хуррамлик билан “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” шиори остида кенг нишонланди.

Янги Ўзбекистонни бунёд этишда рақобатдош иқтисодиёт тармоқларини яратишга алоҳида эътибор қаратиб, барча соҳаларда маррани катта олмоқдамиз. Энг муҳими, бунинг учун бизда имконият ва салоҳият етарли.

Жумладан, таълим тизимига берилаётган эътибор натижасида битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш бир неча баробарга ошди. Янги таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилди. Янги Ўзбекистоннинг янги таълим муассасаларидан бири 2020 йилнинг 16 октябрида ташкил этилган Тошкент давлат аграр университетининг Самарқанд филиали ҳисобланади.

Филиалда таълимнинг кредит-модуль тизими жорий этилган бўлиб, талабалар учун ҳафтада беш кунлик ўқиш ҳамда ҳафтанинг шанба кунини мустақил ўзлаштириш куни деб белгиланди.

Профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳияти 50 фоизни, ўртача ёши 35 ёшни ташкил этади ва уларнинг 25 фоизи хорижда таҳсил олган ҳамда 3 нафар хорижлик ватандошлар таълим жараёнига жалб қилинган.

2021-2022 ўқув йилида филиалга жами 588 та қабул квотаси ажратилди, шунингдек қўшимча яна 44 та ўрин берилди (Шундан, кундузги таълим шакли бўйича 18 та бакалавриат таълим йўналишларига 450 та, 17 та магистратура мутахассисликларига 88 та, сиртқи таълимга 2 та бакалавриат таълим йўналишлари бўйича 50 та).

Филиалда инновацион ривожланиш вазирлигининг Ўзбекистон-Ҳиндистон ҳамкорлиги доирасида “Ўсимликлар ҳимояси ва автоматик суғориш тизимига асосланган тупроқлар мониторингида илғор рақамли технологиялардан фойдаланиш” ва “Такрорий экинлар уруғини экадиган комбинациялашган қурилмани лойиҳалаш ва тижоратлаштиришга тайёрлаш” мавзусидаги лойиҳалари фаолиятини бошлади.

“Агробанк” АТБ ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда қишлоқ ёшларини тадбиркорлик фаолиятларига йўналтириш ҳамда уларнинг билим даражасини ошириш мақсадида 2 ойга (1 ой назарий ва 1 ой амалий билимлар берилади) мўлжалланган “Фермерлар мактаби” ўқув курси ташкил этилди.

Филиал дунёнинг 50 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйган. Жумладан, Европа Иттифоқининг Эрасмус+ дастури “Ўзбекистонда барқарор био-иқтисодиёт бўйича янги магистрлик ўқув дастурлари” (BioEcUz) 2021-2024 йилларга мўлжалланган лойиҳаси иштирокчисига айланди. Лойиҳа ҳамкорлари Европа Иттифоқининг Латвия амалий билимлар ва технологиялари университети (LLU) – Латвия, Вйтаутас Магнус университети (VMU) – Литва, ЖАМК амалий фанлар университети (JAMK) – Финландия ҳисобланади.

Филиал жамоаси жаҳон банкининг Евроосиё собиқ совет мамлакатлари қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш (Agri-food export development and competitiveness in  Eurasian post Soviet countries) лойиҳасида иштирок этмоқда.

Корея ҳукуматининг MAFRA вазирлиги экспертлари ташрифи бўлиб ўтди. Уларнинг ижобий баҳосидан кейин филиалда 2021-2024 йилларга мўлжалланган “Ўзбекистонда картошка ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уруғлик ишлаб чиқариш тизимини ривожлантиришда салоҳиятни ошириш” лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Филиал жойлашган Оқдарё тумани ҳудуддаги 10 та маҳаллада яшовчи “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ҳамда “Аёллар дафтари”га кирган оилаларнинг 22 нафар фарзандлари ҳамда ёшларни қишлоқ хўжалигининг 5 та йўналишида тадбиркорлик ва касбий кўникмаларни шакллантириш мақсадида ўқув курсларига, жумладан, автомактаб, тикиш-бичиш, хорижий тилларни ўқитиш, компьютер саводхонлиги, биолабораторияда фойдали ҳашаротлар етиштириш каби курсларига жалб этилди.

Филиалда хорижий тилларни ўрганишни кучайтиришга қаратилган “Хорижий тилларни ўргатиш” курси давлат хусусий шерикчилиги асосида ташкил этилди.

Шавкат ҲАСАНОВ,

Тошкент давлат аграр университети Самарқанд филиали директори,

иқтисод фанлари доктори, доцент.